Саломатлик - энг катта бойлик

20.11.2021 11:11:11

Иброҳим ака Абдуллаевни салкам ўн йилдан бери танийман. У «Адолат» СДП аъзоси. Давлат мукофотлари билан тақдирланган, эл орасида тажрибали шифокор сифатида обрў-эътибор қозонган. Бир муддат халқ депутатлари вилоят Кенгашига депутат ҳам бўлган. Ўзи ишлайдиган вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида тузилган партиямизнинг бошланғич партия ташкилотига раислик ҳам қилган. Қирқ йилдан зиёд вақтдан бери аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида фидокорона меҳнат қилади.

Бу гапларни айтишдан мақсад, куни кеча Иброҳим ака билан учрашиб қолдик. У кишидан Президентимизнинг жорий йил 9 ноябрда ўтказган видеоселектор йиғилиши ва унда кўтарилган масалалар ҳақидаги таассуротларини сўрадим.

– Мазкур анжуманда ҳамма ва ҳар бир киши учун долзарб масалалар кўтарилди, - дейди И. Абдуллаев. - Биз билдирилган фикрлар ва таклифларни жамоамиз аъзолари билан кўп марта ўзаро муҳокама қилдик. Назаримда, давлат томонидан соҳадаги муаммоларни ечиш йўлида муҳим қадамлар ташланди. Энди тиббиёт ходимлари ва фуқароларнинг ўзига боғлиқ жиҳатлар борки, уларни ҳал этмай туриб, натижага эришиш қийин.

Суҳбатдошим ўз фикрларини аниқ мисоллар билан изоҳлади. Масалан, шифокорлар учун юқори касб малакасига эга бўлиш долзарб вазифа ҳисобланади. Бунинг учун тинмай ўқиб-ўрганиш талаб қилинади. Чунки тиббиёт шундай соҳаки, ҳар куни қандайдир янгилик рўй беради. Ундан ўз вақтида хабардор бўлмасангиз, ҳаётдан орқада қоласиз. Касбимизни пухта эгаллаган, ўзимиздаги ва хориждаги шифокорлардан ҳам сабоқ олишни унутиб қўймаслик зарур.

Фуқароларнинг ўзига боғлиқ масала биринчи навбатда шахсий гигиена талабларига риоя қилишдир. Буни ҳар бир кишига тушунтиришимиз даркор. Чунки тиббий маданиятга эришмай туриб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб бўлмайди. Ёки экологияга қўшадиган ҳиссамизни олайлик. Бу борадаги муаммолар кўплаб хасталиклар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Лекин ҳамма ҳам атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда иштирок этмоқдами? Бу саволга ижобий жавоб бериш қийин, албатта. Қисқаси, «Саломатлик – туман бойлик» деган гапнинг мағзини ҳар бир киши чақиши керак. Ёшлару кексалар бу йўлда астойдил меҳнат қилишлари мақсадга мувофиқдир. 

Мен тажрибали соҳа вакили билан суҳбат чоғида унинг фикрлари бугунги жамиятимиз учун нақадар аҳамиятли эканлигини теран ҳис этиб, Бугун Юртбошимиз бошчилигида аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган туб ислоҳотларни ўз вақтида, оқилона ташкил этилаётганлигига амин бўлдим.

Акбаржон МАНСУРОВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши қошидаги «Ёш адолатчилар» қаноти аъзоси.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+