Саломатлик – энг катта бойлик

24.04.2021 11:04:19

Касаллик йўналишларини  ўз вақтида  ва тўғри аниқлаш тиббиёт ходимининг билим ва малакасига,  унинг илғор фан ва  даволаш усулларидан  доимий  хабардар бўлиб боришига  ҳам  жуда боғлиқ. Шу  ўринда   фаолиятим давомида  кўрган  баъзи  хулосаларимни  ўртоқлашмоқчиман. 

Невроз, психопатия, психоз каби руҳий дунёси шикастланган беморларни даволаш шифокор учун қийин муаммолардан ҳисобланади. Ҳаёт нуқул ғалабадан иборат эмас. Мағлубият алами инсон руҳиятида салбий из қолдиради. Қачонлардир инсон руҳиятини зўриқтирган шароит ёки виждонини жароҳатлаган “ўқлар”ни топиш осон иш эмас ахир. Онг остида онгсизликда ётган ўша “ўқ” қолдиқлари руҳий жароҳатлар (хотира касаллиги)ни пайдо қилиши мумкин. Касалликни эркинлиги тушовланган, букилган ҳаёт дейдилар. Беморга руҳий сокин шароит яратиб берган шифокоргина унга ёрдам бера олади. Беморларни даволаш учун шифокор психолог-руҳшунос бўлиши лозим. Унинг меҳрибонликка, ғамхўрликка тўла сўзи ва эътибори касаллик қиличидан ўткирроқ ва устун бўлиши керак. Шифо­кор бемор билан эркин, самимий муомала қилиши ва унинг ишончини қозониши катта аҳамиятга эга. Буюк аллома, тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино беморлар­ни мусиқа, ёқимли қўшиқлар ва жозибали рақслар ёрдамида даволаган.

Инсон хислатлари унинг ҳукмдори ва шулар ёрдамида бемор табиатининг биз идрок қилмаган янги сирли эшикларини очиб, унга ёр­дам беришимиз даркор. Инсоннинг “меники” туйғуси “бизники” туйғусидан 20 мар­та кучлироқдир.

Инсоннинг онгсизлик фаолияти ҳар турли жараёнлардан - уйқу, туш кўриш, ҳар хил галлюцинациялар, инстинктлар, ижод, интуиция ва бошқалардан иборат. Буларнинг баъзилари фаол, бошқалари суст ёки пинҳонийдир. Австриялик врач ва психолог Зигмунд Фрейднинг фикрича, ижод ва интуиция (кучли сезги) фаол онгсизликдир. Билиш жараёнида онглилик билан бирга онгсизлик ҳам иштирок этади. Шундай мисол келтиради. 27 яшар А.Игнатьевни Парижда чўян панжарали ховлиси бор уй илгари бир неча марта кўргандай хайратга солади ва таниш туюлади. Россияга, уйига қайтгач, онасига айтса, у илк болалигида ота-онаси билан Францияга сафар қилганда шу уйда яшаган экан. У шу сафарни унутган, бироқ кўрган уйининг изи миясида сақланиб қолган.

Айтишларича, буюк олим Д.Менделеев кимёвий моддалар даврий жадвалини, Ўзбекистон риёзиёт мактаби асосчиси ва ривожлантирувчиларидан бири академик Т.Жўраев ҳам бир неча мате­матик масалаларини тушида кашф этган. А.Пушкиннинг айрим шеърлари тушида туғилган. Бундай мисоллар бисёр. Демак, ижоднинг келиб чикиши (генезиси) онгнинг маҳсулоти бўлса-да, онгсизлик пайтида тўсатдан рўй беришини кўрсатади.

Илмий муаммоларнинг кўп ҳолларда тўсатдан ечимини топганлиги илоҳий турткидан эмасми асли? Илоҳиётчи немис файласуфи Э.Кант ин­сон ўз ақли, илм ўрганиши билан нари борса талантли бўлиши мумкин, ҳақиқий ижод ва илмий кашфиёт улуғ инсонларга хос дейди. Фрейд издошлари эса ижод (каш­фиёт) тамомила инсоннинг онгсиз фаолиятига тегишли, деганлар.

Шеърият мулкининг сул­тони Алишер Навоийда “Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин, билки гуҳари шарифроқ йўқ ондин” ёки “Олдига келганни емоқ ҳайвоннинг иши, оғзига келганни демоқ нодоннинг иши” сатрлари бор. Руҳшунослик илмидан маълумки, ихтиёрий фаолиятмизни идора этув­чи мия пўстлоғи ичида инстинктив, яъни ғайриихтиёрий фаолиятлар марказла­ри ҳам бор. Улар айнан ҳайвонларникига ўхшаб кетади. Оралиқ мияга Maнсуб таламус ва гипоталамус соғлом одамларда мия пўстлоғи томонидан назоратланади, тергалиб турилади, ўзбошимчалик қилишга йўл бермайди. Агар мия пўстлоғи бу функциядан жудо бўлса, инсон вужудида тўнтариш юз беради, шахс сифатида инқирозга учрайди. Еб тўймайдиган, турли майллари авж олган, қаҳр-ғазабини боса олмайдиган кимсага айланади.

Шифокорлар беморнинг касаллик ташхисини аниқлашда интуиция ва инстинкт деган нарса борми-йўқми, деб кўп баҳслашадилар. Баъзилар инстинкт ва интуиция туғма деб ҳисоблайдилар. Диагностика (ташхис) асосини анализ ва синтез ташкил этади. Инстинкт фаолияти асосини шартсиз рефлекслар тизими бўлган хулқ-атворнинг туғма шакли ташкил қилади. Инстинкт билан ин­туиция ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқ. Интуицияни илоҳий қобилият ва амалиётдан ажралган, мантиққа тўғри келмайдиган билиш шакли, деб қараш илмий томондан нотўғридир. Тажрибали, билимдон врач айрим вақтларда тўғри ташхисга бамисоли тўсатдан келгандай бўлади. Бундай фикрлаш жараёни интуиция деб қабул қилинган. Бу жараёнда вақт жихатдан тезкор хал қилиш содир бўлади. Унда илгари тўпланган тажрибадан фойдаланиш англамасдан ечилади.

Тиббиёт соҳасидаги кўп йиллик тажрибамдан маълум бўляптики, диагностика бўйича моҳир шифокорлар асосан бой тажрибали, табиий ақлли, ўз устида тинмай ишлайдиган, чуқур салоҳиятли ҳамкасбларим орасида кўпроқ учрайди. Институтни битириб, диплом боқади деб ўйлаб, қўлига китоб олмай, зиёлиликни халққа ўргатиш ўрнига ҳавойи эҳтиёжлар кетидан қувиб кетганлар инту­иция билан касалликни тўғри аниқлаганликларини деярли кўрмадим. Касалликдан эмас, шундай шифокорлардан кўпроқ сақланиш керак, дейди поляк шифокори Тадеуш Келановски.

Инсон руҳиятини азоблаётган дард-қайғу, изтироблар ёки беҳад қувончлар пайтида, масалан, шеър яхши чиқиши ижодкорларга маълум, албатта. Чунки дил дарди ва қувончи онгсизликдаги кўп ҳислатларни юзага чиқаради. Шундай ўйларга ҳам бораман, севилган ва севган Нодира ва Зулфиялар ўзбек халқининг ифтихори, фахри, аёлларнинг мезони даражасига эришганлигида қисман бўлса-да, шахсий ҳаётларидаги йўқотишлар, ҳижронлар сабаб бўлмадимикан?

Инсон онгсиз фаолиятининг руҳий ҳолатларидан бири бу туш кўришдир. Туш кўриш воситасидан таниқли ёзувчиларимиз А.Қодирий, П.Қодиров, С.Аҳмад, У.Ҳошимов ва бошқалар ўз ижодларида моҳирона фойдаланишган. Имом Ғаззолийнинг таърифлашича, “Руҳ инсондаги идрок қилувчи ва билувчи латифликдир”. Шифокорлар эса ҳар бир касалликда руҳий бузилиш жараёни юз беришини унутмаган ҳолда, аввало, ташхисни тўғри қўйиб, беморларга яхши муомала қилиб, ўзларининг барча имкониятларидан фойдаланиб даволашлари даркор. Ушбу фикрларимиз инсоннинг ўз саломатлиги учун  асло  бефарқ бўлмаслигини  уқтиради. Хаётий ташвишлар   ва  турли юмушлар  билан банд бўлиб, баъзан  соғлигимизга беэътибор  бўлиб қоламиз. Бамайлихотирлик  эса кутилмаган жиддий  асоратларни  келтириб чиқариши ҳақида ўйлаб  ҳам кўрмаймиз. Оқибати  эса  барчага аён. Бу  жараёнда  кимлар кўпроқ  масъулятли?   Бир ҳақиқатни  тан олиш керак.  Тани соғлиқ  бу ҳамманинг ўзига керак экан, унинг натижалари  аччиқ бўлмасдан  аввал хамиша хушёр ва эътиборли  бўлмоғимиз керак.

 

Дилфуза КАМОЛОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати,

Самарқанд шаҳар  кўп тармоқли  марказий поликлиникаси бош шифокори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+