Саломатлик сари ташланган қадамлар нечта?

14.04.2021 23:04:40

Инсон ҳаётда яшар экан, ўз саломатлигини сақлашни ҳамиша ҳам биринчи ўринга қўявермайди. Айниқса коронавирус балоси ўз кўланкасини кун, дақиқа сайин инсоният бошига ёяётган бир вақтда ниқобсиз юриш ёки карантиннинг бошқа қоидаларига амал қилмаслик ҳолатларида саломатлигимизга бевосита соя солиб қўямиз. Шу ўринда давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётган соғлом турмуш тарзига эришиш масаласида тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликнинг ўрни беқиёс эканлигини ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Бу масалага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган “Аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш масалалари бўйича” видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари соҳанинг ютуқ ва камчиликларини рўйи-рост кўрсатиб бериб, “Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилган соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели барча ҳудудларда жорий этилишини” таъкидлаб, “коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини тиклаш, тартиб-интизомни кучайтириш, аҳолини босқичма-босқич эмлаш бўйича” топшириқлар берган эди. Хўш саломатлик сари ташланган қадамларда нечоғлик олға юришлар кузатилди? 

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларга таянадиган бўлсак, ҳозирда  вилоят аҳолисининг саломатлик кўрсаткичлари ўлчаб чиқилганига гувоҳ бўламиз.  Яъни ушбу кўрсаткичлар 4 та гуруҳ, соғлом, паст хавф, ўрта хавф ва юқори хавф гуруҳларига ажратилди. Бу албатта бир неча жараёнларни ўз ичига олди.  Дастлаб  хавф гуруҳларига ажратиш мақсадида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларда 421 та “Тиббий бригадалар” ташкил этилиб, улар таркибига 1883 нафар тиббиёт ходими киритилганди. Хатлов ишларини тўғри ва тез бажарилиши, аҳолини саломатлик кўрсаткичларини ишонарли тарзда аниқлаб чиқишлари учун жалб этилган тиббиёт ходимларга 645 та пульсиоксиметр, 441 та тарози, 192 та мобил ЭКГ ва бошқа зарур бўлган тиббий ускуналар тақдим этилганди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Тиббий бригадалар ана шу ўтган қисқа вақт мобайнида вилоятда яшовчи аҳолининг 93 фоизи яъни 152 минг аҳоли хонадонларини тиббий хатловдан ўтказиб, аҳоли саломатлик кўрсаткичларини аниқлашди ва саломатлик ҳолатига қараб уларни 4 гуруҳга бўлишди. Ана шу ўтказилган хатлов натижасига кўра аҳолининг 154 минг 378 нафари яъни 19,5 фоизи соғлом гуруҳга, 356 минг 226 нафари яъни 45, фоизи паст хавф гуруҳига, 257 минг 352 нафари ўрта хавф гуруҳига, 25 минг 554 нафари яъни 3,0 фоизи юқори хавф гуруҳига мансублиги аниқланганди. Натижага қараб, мустақил, ўзи юриб, тиббиёт муассасаларига бора олмайдиган 1104 нафар беморлар учун доимий кузатув ҳам ташкил этилди. Улар соғлиғини назорат қилиб бориш, жойи келса тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 127 нафар патронаж ҳамширалари уларга бириктирилди. Ўтказилган тиббий хатлов тиббиётни халқни ичига киришга, айниқса сурункали касалликлари бор фуқароларни алоҳида тиббий назоратга олиш имконини берди.

Ёки бўлмаса, ўтган йили, Президентимизни Оқолтин туманига қилган навбатдаги ташрифи чоғи “Янги Тошкент” маҳалласида жойлашган оилавий поликлиникамизда бўлиб, у ердаги шарт –шароит билан танишиб, биз тиббиёт ходимларга “Спорт билан тиббиёт эгизак бўлиши керак”лиги бўйича берган топшириқларига асосан, ўша ҳудудда турли соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш билан бирга аҳолини скрининг текширувлардан ўтказдик. Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Ўша ҳудудда яшовчи 12 нафар юрак қон томир касаллиги бўлган беморларнинг аҳволи яхшиланди, 4 нафар қандли диабет беморларда қанд миқдори нормаллашди, 6 нафар нафас аъзолари касали бўлган фуқаролар бутунлай соғломлаштирилди. Ушбу натижага ҳеч қайси бир дори-дармонсиз эришилди. 

Бугунги кунга келиб “Янги Тошкент” маҳалласи тажрибаси вилоятдаги барча маҳаллаларда амалга оширилмоқда. Бунинг учун сўнгги уч ой ичида 110 та маҳаллада спорт майдонлари барпо этилди, ҳар шанба куни “Саломатлик учун 5000 қадам” пиёда юриш акциялари ўтказиш  анъанага айланди. 1 -майга қадар 43 километрли Саломатлик йўлакларини қуриш ишлари вилоятда якунига етказилади. Бу эса аҳолини соғлом ва тетик бўлишида муҳим роль ўйнайди. Демак сирдарёлик тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда  аҳолини саломатлигини асраш, уларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш, хатлов натижаларига кўра юқори хавф гуруҳига кирган фуқароларни ўрта хавф гуруҳига, ўрта хавф гуруҳидаги фуқароларни паст хавф гуруҳига, паст хавф гуруҳига мансуб фуқароларни соғлом фуқаролар гуруҳига ўтказиш устида ишни ташкил этиб, изланишлар кўламини кенгайтириш Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг лойиҳалар режасига ҳам киритилди. Чунки партиянинг ҳудудий Кенгаш раислари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳи аъзоларининг асосий қисмини  шифокорлар,  тиббиёт ходимлари ташкил этади.  Бу дегани саломатлик сари  қадамлар ҳамкорликда ташлансагина маррага етади.

 

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+