САЛОМАТЛИК – ТУМАН БОЙЛИК

24.03.2022 15:03:35

Халқимизда ана шундай нақл бор. Бу, бежиз айтилмаган экан. Яқинда унинг нақадар тўғрилигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик....

Тўсатдан турмуш ўртоғимнинг тоби қочиб қолди. «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилдик. Шифокорлар дарҳол етиб келишди ва беморинг ҳолатини кўриб, унинг инсультга йўлиққанлигини аниқлашди ва касалхонага ётқизиш кераклигини айтишди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига жойлаштирдик. Яхши ҳам вақтида мурожаат қилган эканмиз. Докторлар барча зарур муолажаларни амалга ошириб, турмуш ўртоғимнинг ҳаётини сақлаб қолишди.

Шифокорлар ўз бурчларига садоқатларини намойиш этиб, ҳаммамизни хурсанд қилишди. Айниқса, неврология бўлими мудири Бахтиёр Ёқубов, врачлар Фазлиддин Юсупов, Мусохон Тўрахонов, ҳамширалар Дилором Абдуллажонова ва Зулфияхон Жалилованинг юқори малакали мутахассис эканликларига тан бердик. Биз улардан беҳад миннатдор бўлдик. Ушбу шифохона мисолида ҳукуматимизнинг халқ саломатлигини асраш, тиббий хизматлар даражасини ошириш борасида кўрсатаётган ғамхўрликларига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Мазкур сатрларни битар эканман, Президентимизнинг шу йил 18 мартда шифокорлар билан ўтказган мулоқоти ёдимга тушди. Бу тадбир бошидан охиригача фақат юртдошларимиз соғлиғини сақлашга қаратилгани эътиборга моликдир. 

Менда давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари айниқса, катта таассурот қолдирди: «Биз халқимиз саломатлиги учун ҳар қанча маблағ ва куч-имконият сарфлашга тайёрмиз. Шахсан мен учун халқимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун ва қадрли.» Бу фикрлар амалий ишлар билан тасдиқланаётганлигини ҳамма кўриб-билиб турибди.

Шунинг учун ҳам «Адолат» СДП фаоли сифатида айни кунларда маҳаллаларда ва меҳнат жамоаларида юқорида тилга олинган тадбирга бағишланган учрашув ва давра суҳбатларида ўз фикримни айтмоқдаман. Президентимизнинг эл саломатлиги ҳақида қанчалик қайғураётганлигини жонли мисоллар билан тушунтириб берганимиз аҳолида катта таассурот қолдирмоқда.

Инобат ДАДАМИРЗАЕВА,

Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги 77-мактаб ўқитувчиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+