Саломатлик– улуғ неъмат

08.08.2022 09:08:56

 

Саноқли ҳафталардан сўнг мамлакатимиз ҳаётида бутунлай янги саҳифа очган ажойиб сана – Мустақиллик куни нишонланади. Шу муносабат билан Президентимизнинг  «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда белгиланганидек, барча тадбирлар  «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида ташкил этилади.

Куни кеча вилоят партия Кенгашида фаоллар иштирокида йиғилиш бўлди. Унда давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Қабул қилинган тадбирлар режасига мувофиқ жойларда кенг миқёсли тарғибот-ташвиқот ишлари авж олдирилади. Уларда биз депутатлар ҳам қатнашамиз.

Албатта, аҳоли билан мулоқотларда ўтган ўттиз бир йил давомида ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг барчасида эришилган муваффақиятлар тилга олинади. Шахсан мен юртимизда тиббиётни ривожлантириш бўйича  олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўзлаб бераман. Чунки ўзим шифокор бўлганлигим учун бу борада амалга оширилаётган тадбирлардан  хабардорман. Боз устига соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда фаол иштирок этмоқдаман. Саломатлик улуғ неъмат эканлигини тушунган халқимиз давлатимиз тиббиётга қандай эътибор қаратаётганлигини ҳис қилиб турганлигини ҳам айтиб ўтиш зарур.

Куни кеча хизмат вазифаси тақозоси билан Тўрақўрғон туманида бўлдик. Бу ердаги соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти билан танишдик. Касбдошларимиз, аҳоли вакиллари билан мулоқот қилдик. “Инсон қадри” тамойили асосида тиббиёт соҳасида рўй бераётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари асосий мавзу бўлди. Шунда Биргина Тўрақўрғон туманида   ўтган йилнинг ўзида шифохоналардаги шароитларни яхшилаш мақсадидан 15 миллиард  896 миллион  сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилганлигини айтишди. 13 миллиард 197 миллион сўм сарфланган 50 ўринли шошилинч тиббий ёрдам бўлимида аҳолига сифатли хизмат кўрсатилмоқда.

Декабр ойидан бошланган 120 ўринли туғруқхона комплексини таъмирлаш ишлари ниҳоясига етди. Ушбу лойиҳага 17, 5 миллиард сўм сарфланди. У Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади. Бу янгилик ҳаммамизни чексиз қувонтирди.  Собиқ иттифоқ даврида қурилган  тиббиёт бирлашмасининг кўҳна бинолари босқичма-босқич таъмирланиб, замон талабларига мос равишда қурилиб, қайта жиҳозланаётгани  қувонарли.

Энг муҳими, бундай воқеаларга ҳар бир туман ёки шаҳарда гувоҳ бўлиш мумкин. Демак, юртимизда «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» ғояси изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Отабек НАЗАРОВ,

халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги

“Адолат” СДП гуруҳи аъзоси.

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+