Самарқанд –дунё кўзгусида!

14.09.2022 15:09:14

Ҳар қандай халқаро ташкилотнинг нуфузи ва аҳамияти унга дунёда берилаётган эътибор ва фаолиятининг самарадорлиги билан белгиланади. ШҲТ нисбатан қисқа вақт ичида нуфузли халқаро ташкилотга айланди. Таъкидлаш жоизки, кузатувчи мамлакатлар билан қўшиб ҳисоблаганда, ШҲТ дунё аҳолисининг ярмини бирлаштиради. Бу эса унинг асосий фаолият йўналишлари – иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги салоҳиятини оширади. Ана шу икки устувор йўналишга алоҳида урғу берилади. Зеро, хавфсизлик орқали ҳамкорликни ривожлантириш, умумий тараққиётга эришиш ташкилотнинг асосий мақсадидир.

 Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали концептуал мақоласи эълон қилинди. Ушбу мақола ШҲТнинг Самарқандда ўтадиган саммити, ташкилотнинг тарихи, аҳамияти ва салоҳияти, мақсад ва вазифалари, шунингдек, унинг доирасидаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари тафсилотларига бағишланган. Мақолада Ўзбекистоннинг ШҲТ иштирокчиси ва амалдаги раиси сифатидаги устуворликларига алоҳида эътибор қаратилган.»Бизнинг асосий шиоримиз –«Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади». Уни амалда рўёбга чиқариш йўлида Ташкилотни янада кучли ва халқаро ҳамкорларимиз учун янада жозибадор бўлишига эришиш учун жиддий ҳаракат қилдик», деб ёзади нашр давлатимиз раҳбари билдирган фикрлардан иқтибос келтирар экан.

Муҳтарам Президентимиз мақолада яна шундай сўз юритади, «Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос «тарихий эврилиш» палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда. Халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётгани бугунги кун ҳақиқатидир. Бунинг асосий сабабларидан бири – глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётгани билан боғлиқ. Бу эса ўз навбатида геосиёсий қарама-қаршиликларга рағбат бериб, «блокларга мансублик» стереотипларининг қайта туғилиш хавфини юзага келтирмоқда. Давлатлар ўртасидаги бундай ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётининг аввалги тараққиёт йўлига қайтишини ва глобал таъминот занжирларининг тикланишини мураккаблаштирмоқда. Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини янада кескинлаштирмоқда. Шу билан бир қаторда, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларимизнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бермоқда. Бу муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиб, одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солмоқда, уларнинг даромад манбаларини қисқартирмоқда. Бундай мураккаб шароитда бир ҳақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас. Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир. Айнан инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир.Буюк Ипак йўлининг дурдонаси бўлган қадимий Самарқанд шаҳри жаҳоннинг ўн тўртта мамлакати етакчиларини Ташкилотнинг ва унга аъзо ҳар бир давлатнинг фаровонлиги ва равнақига хизмат қиладиган янги ва илғор таклиф ҳамда ташаббуслари билан кутиб олишга тайёр.Ушбу афсонавий шаҳар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига шубҳа йўқ. Самарқанднинг шонли тарихий мероси бунга хизмат қилади. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган.

Азал-азалдан Самарқанд турли ғоя ва билимлар «қайнаган» макон бўлиб, бу масканда инсониятнинг тинч ва фаровон яшаш, ўз куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бахтли ҳаёт кечириш каби муштарак мақсадлари мужассам бўлган. Бу табаррук заминда яшайдиган ҳар бир одам, яхши қўшни – бу Худо инсонга ато этган бахтнинг бир бўлаги эканини, тинч-тотув қўшничилик эса баракот манбаи эканини чуқур англаган. Зеро, ҳамкорлик, савдо, ижод, илм-фан ва санъат, инсоний ғоялар устувор бўлган жойда эзгуликлар кўпаяди, халқлар фаровон ва ўзаро аҳил яшайди. Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. «Самарқанд руҳи» деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.Аслини олганда, «Самарқанд руҳи» бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган «Шанхай руҳи»ни уйғун равишда тўлдириб туради. Шу сабабдан аминмизки, Самарқандда ШҲТ ҳаётининг янги босқичи бошланишига гувоҳ бўламиз – Ташкилотнинг таркиби кенгайиб, унинг келажак кун тартиби шаклланади ва бунда чуқур рамзий маъно мужассам.Ишончимиз комилки, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитида қабул қилинадиган қарорлар минтақавий даражада ҳам, глобал миқёсда ҳам мулоқот, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади». Шундай экан, саммит бизнинг мамлакатимиз учун том маънода ҳақиқий дунё «ДАРВОЗАСИ» бўлади.

Муталлиб Раҳимов,

 “Адолат” СДП Иштихон  туман  кенгаши  раиси     

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+