“Самарқанд сайқали рўйи замин аст” (Самарқанд ҳуснига доғ тушмасин)!

16.06.2021 16:06:41

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгашидаги маҳаллий Кенгаш депутатларининг мурожаати!

Қадрли юртдошлар!

Самарқанд азал-азалдан Шарқ гавҳари сифатида бутун дунёга машҳур. У башариятнинг чексиз ҳайрат, абадий меҳр-оқибат, нодир маданият ва буюк келажак шаҳри сифатида танилган. Ҳар қарич ери зар, ҳар ҳовуч тупроғи олтин. Шу боис унинг тупроғини кўзимизга тўтиё қиламиз, ҳар манзилини азиз ва мукаррам биламиз.

Аммо, сўнги кунларда ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд номи тез-тез салбий ҳолатлар ила тилга олинаётгани бу илоҳий макон номига соя солаётгандек. Биргина жорий йилнинг июнь ойининг биринчи ўн кунлиги давомида 10 дан ортиқ кишини таажжубга соладиган, наҳотки Самарқандда шундай воқеалар рўй бераяпти дея хавотирга тушадиган ҳолатлар юз бермоқда. Энг ачинарлиси, шошилинч, аниқ маълумотларга асосланмаган баъзи маълумотлар яшин тезлигида айланиб, аҳоли орасида ушбу вазиятларни турлича талқин этилишига сабаб бўлмоқда.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида ички ишлар ходимлари бир фуқаронинг ўлимига сабабчи бўлгани айтилаётган маълумот, “Иморат эски қабристоннинг устига қуриляпти. Одамлар суяклари чиқиб ётибди” сарлавҳаси остида аҳоли мурожаати акс эттирилган видео, “Ҳоким мени 3 йилдан бери алдайди. Судялар, прокурорлар, милициялар қонунни эшак қилиб минишяпти...” мавзусидаги видеомурожаат, мактаб директори ўринбосари калтаклангани, фуқароларнинг бир бирига оғир тан жароҳати етказгани, тез тиббий ёрдам шифокорнинг калтаклангани ҳақида ва шу каби кўплаб хабарлар тарқалмоқда-ки, кишини ақли шошади.

Хўш, умумбашарият цивилизациясининг Рим сингари қадимий бешикларидан бири сифатида бутун ер юзида тан олинган, унинг беқиёс табиати, номлари жаҳон тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган мумтоз зотларни бергани билан барчамизни чексиз фахримизга айланган Самарқанддан мана шундай ҳолатлар чиқса ярашадими? Не-не улуғ зотлар эъзоз этган Самарқанд бундан азият чекмайдими?

Жаҳон тарихида салмоқли ўрин эгаллаган сиймо Буюк Амир Темур ардоқлаган Самарқандга дунёнинг буюк олим ҳамда мутафаккирлари, энг яхши меъмору ҳунармандлари маданият ҳамда санъат маркази деб билганлар ва шу жойга интилганлар. Биз фуқаролар ҳам шундай азиз авлиёлар юртига муносиб бўлайлик.

Ўз юртини севадиган, унинг тараққиёти йўлида кечаю кундуз меҳнат қилаётган, вилоят ривожи йўлида фидойилик кўрсатаётганларга камарбаста бўлайлик!

Илм ва тафаккур аҳлига, устоз, мураббий, педагогларимизга, шарафли ва покиза ҳаёт йўлларини босиб ўтган ибратли ота-оналаримизга, юксак хулқли ёшларимизга, фидойи ҳуқуқ ҳимоячиларига, бир сўз билан айтганда, барча яхши ниятли кишиларга мурожаат қиламиз:

-азим Самарқанд шаънини кўз қорачиғидек асрайлик;

-муборак номини, пир-у, комиллар руҳини авайлайлик;

-анъана, қадриятларни эъзозлайлик;

-аждодларга муносиб авлод бўлайлик!

Самарқанд сайқали рўйи замин аст, ахир!

 

Муҳиба Бабабекова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Гавҳар Алимова, вилоят Кенгаши депутати, Каттақўрғон шаҳар ҳокими,

Илҳомжон Тўхтасинов, вилоят Кенгаши депутати, Самарқанд давлат чет тиллар институт ректори,

Сарвиноз Нажмиддинова, вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг Самарқанд вилоят бошқармасида хотин қизлар масаласи бўйича бош мутахассиси,

Тозагул Холиқова, вилоят Кенгаши депутати, Жомбой туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи,

Муҳиба Сайфуддинова, Самарқанд шаҳар кенгаши депутати,

Озода Назарова, Самарқанд шаҳар кенгаши депутати,

Дилфуза Камолова, Самарқанд шаҳар кенгаши депутати,

Аҳмаджон Маматов, Самарқанд шаҳар кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+