Самарқанд янада чирой очмоқда

16.04.2021 17:04:25

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи Самарқанд халқаро аэропортини кўздан кечириш билан бошланди. Давлатимиз раҳбари дастлаб Самарқанд халқаро аэропортида амалга оширилаётган модернизация ишлари билан танишди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган аэропортда ҳозирда узунлиги 3105 ва эни 60 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги қурилиши тугалланиб, ёритиш-сигнал чироқлари ва аэронавигация ускуналари ўрнатилмоқда. Аҳамиятли жиҳати, ушбу аэропорт ишга туширилса 1000 дан ортиқ ишчиларнинг бандлиги таъминлашга эришилади. Илгари 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатишга мослашган терминал, замонавий дизайнга эга бўлиб, бир соатда 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлади.

Давлатимиз раҳбари аэропортда юк ташиш рақобатбордошлигини ошириш бўйича кўрсатмалар бериб, карго хизмати ҳам йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари карго барқарор ва манфаатли бўлиши учун доимий юк кераклигин, бунинг учун самолётларга хизмат кўрсатиш, юкларни ортиш ва етказиб беришни арзон ва тез йўлга қўйиб, бошқа авиакомпанияларни жалб этиш зарурлигини, бундан ташқари, вилоятда экспортбоп мева-сабзавотларни кўпайтириб, уларни шу карго орқали жаҳон бозорига чиқариш мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида бўлиб амалга оширилаётган бунёдкорлик ва қурилиш ишлари билан танишди. Давлатимиз раҳбари бу ерда нуронийлар ва зиёлилар билан учрашув ўтказар экан, бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан муборакбод этди.

Жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда янада такомиллаштирилган янги лойиҳаси асосида 2021 йил муборак Рамазон кунларида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида қурилиши ишлари бошлаб юборилган. Лойиҳада режалаштирилганидек бу зиёратгоҳда катта масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бўлади. Кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотурургоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Шунингдек, ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, қушхона қурилиши белгиланган. Сайёҳлар учун барча шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда вилоятимизда амалга оширилаётган бундай улкан ислоҳотлар аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга, вилоятимизни ҳар соҳада жадал ривожлантиришга ҳисса қўшаётганлиги билан аҳамиятли бўлмоқда.

Сарвиноз НАЖМИДДИНОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+