Самарқандда “Адолат” сайли ўтказилди

21.09.2021 17:09:35

 

Айни пайтда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Перзиденти сайловига ҳозирлик кўрилмоқда. “Адолат” социал-демократик партияси ҳам жойларда кенг аҳоли иштирокида акциялар, учрашувлар ва митинглар ташкил этиб, нафақат маърузалар билан аҳолига партиянинг позициясини, унинг ғоялари ҳақида тушунча бермоқда. Оддий, содда тилда партия олдига қўйган мақсад ва вазифаларини аҳолига етказиш   билан бир қаторда турли кўнгилочар дастурлар орқали халқ орасида ижобий кайфият яратишга ҳисса қўшмоқда.  “Адолат” СДП Самарқанд шаҳар  Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд шаҳрининг юраги ҳисобланган Регистон майдонида “Адолатли жамиятни бирга қурамиз” шиори остида бўлиб ўтган оммавий тарғибот тадбири ҳам йиғилганларга ана шундай илиқ кайфият бахш этгани билан аҳамиятли бўлди.

Самарқанд шаҳар маданият бўлими, Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчи ва талабалари, шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маслаҳатчилари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган “Адолат” сайлининг кириш қисмида партия фаоллари, шаҳар Кенгаши депутатлари сайлов қонунчилиги, партиямизнинг мақсад, вазифалари хусусида сўз юритилди.

Гавҳар Худойбердиева, партия фаоли:

 - Маълумки, мамлакатимизда кўппартиявийлик тизими жорий этилиб, демократик ислоҳотлар ривожланиб бормоқда. “Адолат” СДП  ҳам ўз электорати манфаатларини ифодалай оладиган ва ҳимоя қила оладиган сиёсий куч сифатида фаолият юритиб келаяпти. Мен шу партияга 1995 йилдан буён аъзоман. Вилоятда дастлаб партия ташкилоти ташкил этилганидан буён биргамиз. 26 йил ичида партиямиз сон жиҳатидан анча юқорилади, сифат жиҳатидан юксалди. Етук сиёсий кучга айланди. Ўзининг ҳаётбахш ғоялари орқали халқ ичига кириб бора олди. Партия фаоли сифатида мен буларни кўриб дилдан хурсанд бўламан. Партиянинг сайловолди дастурини ҳаётга тўлиқ татбиқ қилиш орқали партиянинг халқимиз орасидаги танилувчанлигини, мамлакатимиз сиёсий майдонидаги нуфузини янада юксалтириш, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишдаги ролини кучайтириш каби вазифаларни амалга оширишда бундан буён ҳам биргаликда ғайрат билан ҳаракат қиламиз.

Тадбир давомида маданият соҳаси вакилларининг чиқишлари, хонандалар томонидан янграётган куй ва қўшиқлар йиғилганларга ўзгача кайфият бағишлади. Ер юзининг сайқали бўлган Самарқандга келган ҳар қандай хорижий сайёҳ Регистонни кўрмай қайтмаган. Регистон майдонига ташриф буюрган хорижий сайёҳларни ҳам “Адолат” сайли ўзига чорлади.  

Тадбир якунида партия фаоллари, тадбирнинг фаол иштирокчиларига ташаккурномалар топширилди.

 

Зилола ДУСАНОВА,

“Адолат” СДП Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+