Самарқандим - Туркий цивилизация пойтахти

12.11.2022 14:11:34

Шарқ дурдонаси, гўзал ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг Саммити бўлиб ўтди. Саммит доирасида Туркий давлатлар раҳбарлари қардош, қондош, урф-одати, тили-дили бири бирига яқин бўлган халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди. Бугунги глобаллашган даврда бирлашган, бириккан ҳолда ҳаракат қилиш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига эътибор қаратишди.

Ташкилот раҳбарлари йиғилишида нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича қатор аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, «яшил» иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва транспорт коммуникацияларини ривожлантириш орқали савдо-иқтисодий алоқалар асосларини мустаҳкамлаш, Ташкилот маконида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришнинг самарали механизмларини шакллантириш бўйича битим тузиш ва ушбу ҳужжат орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигига алоҳида урғу берди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, дунёда кун сайин озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кучаймоқда. Яна бир томондан экологик муаммолар озиқ овқат хавфсизлигига чанг солса, бир томонда ерларнинг шўрланиши, турли касаллик ва зараркунандаларнинг таъсири ҳам ортиб бормоқда. Ана шундай шароитда узоқни кўра оладиган йўлбошловчи Шавкат Мирзиёевнинг ўртага ташлаган бу таклифлари жуда ўринли деб ҳисоблайман. Ушбу муаммони ечим топиши нафақат мамлакатимиз аҳолисининг фаровонлиги юксалишига, қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланилмай ётган имкониятларни ишга солинишига кенг йўл очиши шубҳасиз.

Шунингдек, хавфсизлик, савдо, инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, туризм, фан ва технология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қабул қилинган 10 дан ортиқ ҳужжатлар мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни янада жонлантиришга ушбу халқлар ўртасида ҳамкорликнинг мустаҳкам асосини шакллантириш билан бир қаторда, мустаҳкам дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш туйғуларини шаклланишига хизмат қилади. Бинобарин, саммит доирасида қабул қилинган барча ҳужжатлар ушбу ташкилотга аъзо бўлган ҳамфикр, маслакдош мамлакатларнинг иқтисодий юксалиши, тараққиёти, фаровонлиги йўлида хизмат қилади.

Саммит доирасида яна бир муҳим Самарқандни Туркий цивилизация пойтахти деб эълон қилиш ҳақидаги Ташкилот аъзо давлатларининг қарор қабул қилиши киши дилига фахр ва ғурур туйғуларини жо айлайди.

Муҳиба Бабабекова,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+