Савболи ишга бирлашганлар

04.06.2022 13:06:50

Кейинги йилларда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқдаки, беғараз донорлик қилувчи кўнгиллилар кун сайин ортиб бормоқда.

Ана шундай хайрли ишга анъанавий тарзда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жорий йилда ҳам республикамиз бўйлаб  1 июнь “Халқаро болалар куни” –  муносабати билан донорлик акциясини ўтказмоқда.

Жумладан, ушбу беғараз донорлик акцияси Самарқанд  вилоят Кенгаши томонидан ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилиб, барча туман тиббиёт бирлашмаларининг қон қўйиш бўлимларида ҳамда вилоят қон қўйиш марказида ташкил этилди.

Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган мазкур  донорлик акциямизга вилоятимизда кўплаб кўнгиллилар ташриф буюрди. Донорлар орасида Нарпай туманидан ташриф буюрган онахон ўзининг савоб йўлидаги ҳиммати билан барчага ўрнак бўлди десак янглишмаймиз.

Вилоят қон қўйиш марказига уша куни 140 га яқин ҳамшаҳарларимиз мурожаат қилди, беғараз донорлик қилиб беморлар ҳаётини сақлаб қолишдек эзгу ишга бел боғлаган ташриф буюрувчи кўнгиллиларни энг аввало исм-шарифи электрон базада шакллантирилган назоратда турувчи беморлар рўйхатида бор ёки йўқлиги текширилиб, яқин вақт оралиғида бирор касаллик билан оғринганлиги ва жарроҳлик амалиёти ўтказилмаганлиги ҳам суриштирилди. Шундан сўнг лаборатория таҳлилида гемоглобин даражаси  текширилиб таҳлиллар олинди. Ўз ишининг моҳир усталари қўли “енгил” ҳамширалариштирокчиларга бу каби текширувлар беморларга етказиладиган қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоят муҳим эканлигини тушунтириб ўтишди.

Марказ бош шифокори Р.Алиев партия каби ҳамкор ташкилотлар тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида сўнги йилларда донорликка одамлар қизиқиш билдириб ўзлари истаб иштирок этишаётганини мамнуният билан қайд этиб ўтди.

Тадбирда ҳар йили фаол иштирок этиб беғараз донорлик акциясига ўзининг ҳиссасини қўшиб келаётган фуқаролар, партия фаоллари, ташкилотлардан ташриф буюрган ходимларга партиянинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки уша кунининг ўзидаёқ 70 дан ортиқ фуқароларимиз кўнгилли равишда қон топширган бўлсада, акциямиз туман тиббиёт бирлашмаларида, кўчма бригадалар кўмагида депутатлар ташаббуси билан корхона ва ташкилотларда ҳам ҳанузга қадар давом этмоқда.

Муҳиба Бабабекова,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+