Сенат раиси - Поп туманида

06.05.2021 16:05:08

Ўтган куни Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлиси Сенати  раиси Танзила Норбоева Наманган вилоятига ташрифи доирасида  Поп туманида бўлди. Дастлаб у "Янги Чодак Серҳосил Боғлари" кооперативи фаолияти билан танишди. Мазкур хўжалик яқингача қақраб ётган дашт ерларда ташкил  этилган. Лойиҳани амалга ошириш учун 4 миллиард сўм маблағ  ажратилган. Ҳозиргача ўзлаштирилган юз гектар майдон “Ёшлар дафтари”га кирган  100 кишига  1 гектардан ажратиб берилди. Уларнинг вакиллари билан ўтказилган суҳбатда ердан унумли фойдаланиб, юқори ҳосил олиш масалалари муҳокама қилинди.

Сенат раиси “Яккатут” маҳалласида бўлиб, МФЙ раиси ва   фаоллар билан  “маҳаллабай” тизими қандай йўлга қўйилганлигини ўрганди. “Темир, аёллар, ёшлар” дафтарларидаги фуқаролар билан ишлаш самарадорлигини ошириш усул ва услублари ҳақида мулоҳаза юритилди. Бунда  оилаларни мустаҳкамлаш,  маънавий муҳит барқарорлигига эришиш, аҳоли бандлигини таъминлаш муҳим вазифалардан эканлиги қайд  этилди. Т. Норбоева  МФЙ идораси биносининг иккинчи қаватида  тадбиркорликни бошлаб, 15 нафар аёлни иш билан таъминлаган Мастурахон Ниёзованинг  фаолияти билан танишди. Шу ердаги Маданият марказида  аҳоли билан юзма-юз мулоқот бўлиб ўтди.

Сенат раиси Халқ депутатлари Поп туман кенгаши депутатлари ва сиёсий партияларнинг маҳаллий  ташкилотлари етакчилари билан ҳам учрашди.    Мулоқотда  маҳаллий кенгашлар фаолияти, улар қошида ташкил этилган "Халқпарвар" комиссияларнинг ипотека кредитлари ажратилиши ва уй-жой қурилишни назорат қилишдаги иштироки, бюджет маблағларини шакллантириш ва ҳар чорак давомида ижроси юзасидан сессияларда масъуллар ҳисоботини тинглаб бориш, сайловчилар билан ишлаш самарадорлигини ошириш  каби муҳим масалалар юзасидан  ўзаро фикр алмашилди. 

 – Сенат раиси билан мулоқотда бизнинг  депутатлар ҳам фаол қатнашдилар,  -  дейди “Адолат” СДП Поп туман кенгаши  раиси  Зафаржон Ҳасанов. – Улар халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифларни ўртага  ташладилар. Бунда Сенат ва Қонунчилик палатаси аъзолари яқиндан ёрдам берсалар, мақсадга мувофиқ бўлиши  таъкидланди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+