Сенатор ташаббуси билан “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди

09.04.2021 19:04:24

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати, вилоят “Она ва бола” скрининг маркази директори Манзура Салимованинг ташаббуси билан Қува туманида аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. Туманда “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларнинг 273 нафари тиббий ҳимояга муҳтож ҳамда уларга тизимли сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши талаб этилади. 

Вилоят “Она ва бола” скрининг маркази, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят ҳудудий филиали билан ҳамкорликда “Чилон” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган тиббий-кўрик  аёлларимиз ва  ёшларимизнинг ўз саломатлигини текширувдан ўтказиш ва назоратга олишларида муҳим аҳамияга эга бўлди. 

– Қишлоқларда бундай тиббий кўрикларнинг мунтазам ўтказиб турилиши жуда муҳимдир. Чунки аёлларимизнинг барчасини ҳам ўз саломатлигига эътиборли дея олмаймиз. Бунга оилалардаги моддий етишмовчилик, фуқароларнинг ўзидаги лоқайдлик ва “ўтиб кетади” қабилидаги беписандлик кайфияти сабаб бўлиши мумкин. Оқибати эса барчамизга маълум, – дейди Манзура Салимова. –  Тиббий кўрикда невропатолог, эндокринолог, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, неонатологларнинг иштироки, УТТ аппарати ёрдамида текширувлар ўтказилганлиги уларнинг саломатлигидаги ўзгаришлар, яширин касалликларни аниқлашга ёрдам берди. Кўрик давомида 250 нафарга яқин аҳоли текширувдан ўтказилди. Тиббий ёрдамга муҳтожларга зарур муолажалар тайинланди. Шунингдек, мазкур жараён давомида аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган санитария гигиена қоидаларига мунтазам риоя этиш масалаларида тушунчалар берилди. "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят ҳудудий филиали томонидан аҳолига бепул дори-дармонлар тарқатилди.

Шу билан бирга, сенатор томонидан туманда “маҳаллабай” кесимида ўрганишлар олиб борилди. Фуқаролар мурожаатларини тинглаш, хонадонлардаги маънавий-ижтимоий муҳитни барқарорлаштириш мақсадида учрашувлар ўтказилди. Мулоқотлар давомида фуқаролар томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушди ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, мутасадди ташкилот ва муассасалар масъул ходимлари давлат бошқаруви ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари эътиборли бўлиш ва масъулиятни оширишга чақирилди. Айтиш мумкинки, туманнинг "Чилон" маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда ҳам кўплаб фуқаролар муаммолари ижобий ҳал этилди. Чилон кўчасида яшовчи фуқаро Ю.Исмонованинг фарзанди саломатлигини тиклаш, шу маҳаллада истиқомат қилувчи бундан 4 йил олдин автоҳалокатга учраб соғлиғини йўқотган А.Исмоновга тиббий кўмак бериш ҳамда соғлигини тиклаш ва имтиёзли тиббий йўлланма ажратиш масаласида "Тинчлик" маҳалласидан Х.Дадажоновалар мурожаатлари тингланди ва мутасаддилар эътибори қаратилди.

 

 Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+