СЭСларда тиббий хизмат аҳволи қониқарлими?

04.08.2021 11:08:03

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан зарарланиш ҳолати кўпайгани сари аксарият фуқаролар тест топшириш ҳаракатига тушиб қолди. Ижтимоий тармоқларда ҳудудлардаги СЭСларда тест топшириш ва унинг натижасини билишда турли муаммолар юзага келаётгани кенг муҳокама қилинмоқда. Хусусий клиникаларда ушбу тиббий хизмат турининг нархи жуда баланд эканлиги ҳам кескин қораланмоқда.

Куни кеча “Коронавирусдан “соққа” қилиняптими?” сарлавҳаси билан Тошкент вилояти СЭС, Янгийўл туман ва Янгийўл шаҳри СЭСлари фаолиятига доир жиддий айбловлар борасидаги Муҳаббат Акбарованинг видеочиқиши ижтимоий тармоқ орқали  кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан “Адолат” СДП Янгийўл тумани Кенгаши раиси Мухтабар Умурзакова Янгийўл туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати жамоатчилик билан ишлаш бўлим мудири Сафия Жуманова ҳамда мурожаатчи – санитария врач ёрдамчиси Мухаббат Акбаровалар билан учрашди. 

Маълум бўлишича, 236 минг туман аҳолисига хизмат кўрсатувчи мазкур муассасада  коронавирус бўйича текширув  ПЗР (полимер занжир реакцияси) таҳлили учун махсус ускуна  мавжуд эмас. Беморлар Янгийўл шаҳрига қатнаб, навбат кутиб вақтни бой бериб, бунинг натижасида баъзи беморлар ўта оғир аҳволга тушиб, нохуш ҳолатлар рўй бераётганлиги айрим  фуқароларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирда соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария эпедимиология осойишталик ва жамоат саломатлиги республика маркази томонидан ПЗР аппарати тақдим этилди. Мазкур аппаратни талабларга мос равишда ўрнатиш учун алоҳида хона ажратилди. Хонани таъмирлаш ишларини ушбу ҳафтанинг шанба кунига қадар якунлаб, ишга тушириш Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баходир Юсупалиев томонидан назоратга олинди.

Айтиш жоизки, инсоният оғир кунларни, синовли дақиқаларни бошдан ўтказмоқда. Аввалдан таниш бўлмаган, синалмаган қийинчиликлар, янги касалланиш олдида тушунмовчиликлар бўлди ва бўлмоқда. Айниқса, дунё олимлари Covid-19 га қарши курашиш йўлини – вакцина орқали эмлаш чорасини топган бир пайтда энди янги тушунмовчилик, ишончсизлик рўй бермоқда. Аслида синалмаган янгиликка ҳар бир инсон юзма-юз келмагунча, бундай ҳолат давом этиши табиий.

Дарҳақиқат, ҳар бир даврнинг ўз синовлари мавжуд. Бундай пайтда жамиятда рўй бераётган айрим камчиликларни рўйи рост очаётган инсонлар  ана шу нуқсонлар ўз асоратини кўрсатмаслиги учун жон койитмоқда.

Мурожаатчи – санитария врач ёрдамчиси Муҳаббат Акбарова ўз фуқаролик вазифасини бажарган. Ҳар бир шахс синовлар олдида инсонийлик бурчини бажариши эса фақат қўллаб-қувватланиши зарур.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+