Сессиялар ҳафталиги самарали ўтди

21.12.2020 16:12:35

 

Жорий йилнинг 12 декабрь санасидан 17 декабрь санасигача Сирдарё вилоятида Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг очиқ сессиялари ташкил этилди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” шиорини ўзида ифодалаган мазкур сессиялар аввалгиларидан фарқли равишда бўлиб ўтди. Боиси унда маҳаллий Кенгаш депутатларидан ташқари 4 та сектор раҳбарлари ва маҳалла раислари, ташкилотлар раҳбарлари, ОАВ ходимлари иштироки кузатилди. Сессиялар кун тартибидан эса битта масала, яъни вилоят ёки туман, шаҳар ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2020 йил якунлари ҳамда 2021 йил долзарб вазифалар тўғрисидаги мурожаати ўрин олди.

Дастлабки кунда Гулистон шаҳар ҳокимининг мурожаати муҳокамалар марказига қўйилган бўлса, сессиялар ҳафталигини Сирдарё вилояти ҳокимининг мурожаати якунлаб берди.

Ҳудудларда ўтказилган сессияларда ўз таклифлари ва муҳокамага қўйган масалалари бўйича маҳаллий Кенгашлардаги Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ўз фаоллигини кўрсатди. Хусусан Халқ депутатлари Ховос туман Кенгашининг сессиясида  депутат Ғойибназар Райимназаров томонидан

-Бозорларда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз ошиб кетишини олдини олиш ва тадбиркорлар ўртасида соф рақобат муҳитини яратиш мақсадида вилоят бўйича барча бозорларга масъуллар бириктирилгани, бундан ташқари, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги йил арафасида туман марказларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилгани, арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ҳамда бозорлардаги нарх-наволар барқарорлигига барча сектор раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланиши таклиф қилинди.

Шунингдек, Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг сессиясида  депутат Носир Эгамбердиев томонидан фуқароларнинг мурожаатларини яхлит бир тизимга келтириш ва мурожаатларнинг электрон базасини ташкил қилиш масаласи таклиф сифатида берилиб, қачонки аҳоли билан Гулистон шаҳар ҳокимининг тўғридан-тўғри фикр алмашинуви, мулоқоти йўлга қўйилмас экан, мурожаатлар ўз ўрнида ечим топмай назоратсиз қолиб кетиши ҳаётий мисоллар асосида далиллаб берилди.

Халқ депутатлари Сардоба туман Кенгашининг сессиясида сўз олган Бахтиёр Шукуров ҳам туманда Сардоба талофати сабаб таъмирдан чиқарилган ва янги қурилган кўп қаватли уйларни газ билан таъминлаш мақсадида жами 90 км газ тармоқлари шундан, 31 км юқори босимли ва 59 км ўрта босимли тармоқлари тортилиб, газлаштирилгани, лекин туманнинг бошқа ҳудудларида табиий газ қувурлари билан боғлиқ ўз ечимини кутаётган масалалар борлиги мурожаатлар асосида айтиб ўтилди.

Ҳафталик якунида бўлиб ўтган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида иштирок этган саккиз нафар депутатлар ҳам ўз таклифлари билан фаол иштирок этишди. Хусусан, Салоҳиддин Элмуродов ва Муҳаммад Исмоилов томонидан аҳолини ўйлантириб келаётган иккита асосий масала ҳақида вилоят ҳокимига савол берилди. Яъни, депутат Салоҳиддин Элмуродов томонидан Сардоба талофатидан жабр кўрган аҳолига келгусида кўрсатиладиган ёрдамлар қандай бўлади ва уларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишларнинг давомийлиги таъминланадими, деган саволига ўз ўрнида вилоят ҳокими томонидан  жавоб берилди. Шунингдек депутат  Муҳаммад Исмоиловнинг Гулистон шаҳрига кирувчи ва чиқувчи асосий кўприклардан бирида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари сабабли ёпилгани ва бунинг натижасида аҳолига ноқулайликлар яратилаётгани изоҳланиб,  лойиҳанинг якунланиш муддати сўралди. Демак депутатлар томонидан вилоят аҳолисини ўйлантириб келаётган ва қизиқтираётган масалаларга оид таклиф ва мурожаатлари ҳокимлар томонидан қабул қилинди. Бу эса ўтган сессиялар натижасида аҳолига келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилишига эришилди дейиш мумкин. Бунда эса Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг депутатларининг фаоллиги муҳим омил бўлгани аниқ. Зеро, депутатнинг асосий вазифаларидан бири сессияларда фақатгина қўл кўтариб овоз бериш эмас балки кун тартибига муҳим масалаларни киритишдан ҳам иборат бўлиши зарур.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+