Шаҳар конференциясида навбатдаги Қурултойга делегатлар сайланди

31.08.2021 13:08:20

 

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгашининг жорий йилги Президентлик сайловлари олдидан навбатдаги IX конференцияси ўтказилди. Унда партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши аъзолари, туман кенгашларидан сайланган делегатлар, депутатлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб конференцияда ўтган йилларда амалга оширилган ишларнинг ҳисоботи бўйича туман кенгашларидан чақирилган делегатларнинг маърузалари тингланди. Шунингдек, депутатлар Елена Борисова, Баҳром Валиев, Ташпўлат Матибаев, Дилдора Исломова, Бехзод Тўхтамуродовлар ҳам конференция доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.

Сўзга чиққан делегат аъзолари, депутатлар томонидан аввало, партия ўз номидан келиб чиқиб халқчилликни кучайтириш олдда турган муҳим вазифалардан эканлиги таъкидланди. Шу асосда кенг аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, хайрли амалий ишларнинг узвий равишда боришини  таъминлаш кераклиги қайд этилди.

Хусусан, партия ўз ғояларидан келиб чиқиб мамлакатда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини олиб бориш, судлар шаффофлигига эришиш масаласига чуқур ёндашиш долзарблиги айтиб ўтилди. Партиядан Президентликка кўрсатиладиган номзоднинг ҳам айнан ушбу ғоялар асосида ўз дастурини шакллантириши маълум қилинди.

Конференция якунида партия Марказий кенгаши томонидан чақириладиган навбатдаги Қурултойда қатнашувчи делегатлар сайланди.  Таъкидлаш лозимки, Қурултойга ҳудудий партия ташкилотларининг ҳар 2500 нафар аъзосидан 1 нафар делегат сайлаш нормаси белгиланган. Бунда Тошкент шаҳар партия кенгашидан 7 нафар делегат сайланиши керак. Шунга кўра, Тошкент шаҳар партия кенгашининг манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари  Луиза Хикматова, Собир Турсунов, Хусниддин Эргашев, Чилонзор  туман кенгаши депутати  Мирзоҳид Абдукадиров, Мирзо Улуғбек туман кенгаши депутати Шоанвар Шамахмудов, Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси Ғуломжон Арифжонов, “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Адилжон Амановлар  делегатлар этиб сайланишди.  

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+