Шавкат – БОШ  ҚОМУСИМИЗ  билимдони

11.11.2022 14:11:07

Республикамизнинг барча минтақаларида бўлгани каби Наманганда ҳам Ўзбекистон Конституциясининг ўттиз йиллигига бағишланган тадбирлар давом этмоқда. Бу жараёнда «Адолат» СДП вакиллари ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар. Ўтган ҳафтада партиямиз томонидан ташкил этилган «Конституция ранглар жилосида» ижодий кўрик-танловининг ҳудудий босқичи якунига етди.

Энди эса навбат Бош Қомус ҳақидаги билимларни синовдан ўтказишга келди. Олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг талабалари, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун «Конституция билимдони» танлови бошланди. Мазкур тафаккур баҳсларида ижтимоий фанларга қизиққан юзлаб ўғил-қизлар қатнашмоқдалар.

Шавкат Қимматбоев ана шундай ёшлардан бири. У Наманган давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олади. Асосий Қонунни мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ пухта ўрганишга киришган. Олий ўқув юртида эса бу қизиқиши янада кучайди. Танловнинг университет босқичида ғолиб чиқиб, шаҳар бўйича ўтказиладиган баҳсга йўлланма олганлиги фикримиз далилидир.

– Албатта, Конституцияга бағишланган билимлар синовига жиддий тайёргарлик кўрдим, - дейди у. – Қатор қўшимча адабиётларни ўргандим, янги манбалар билан танишдим. Устозлардан йўл-йўриқлар олишни унутмадим. «Адолат» социал-демократик партиясининг фаолиятини ҳам атрофлича ўргандим. Ўқиганларимни қайта-қайта такрорладим.

Яхши ҳозирлик кўргани Шавкатга кўрик-танловнинг Наманган шаҳар босқичида омад келтирди. Унинг барча чиқишлари ҳайъат томонидан юқори баҳоланди. Биринчи ўринни эгаллаганлиги вилоят босқичида қатнашиш имконини яратди. Энди у навбатдаги баҳсларга тайёргарлик кўрмоқда.

Шу ўринда шаҳар босқичида Наманган юридик техникуми ўқувчилари ҳам муваффақиятли қатнашганликларини қайд этиш лозим. Мазкур ўқув юрти вакилларидан икки нафари совринли ўринларни эгаллади. Яъни Искандар Аҳмадхўжаев иккинчи, Абжумўмин Носирхонов эса учинчи бўлди.

Нурбек Абдуллаев,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+