Шеробод – янгиланишлар остонасида

03.06.2021 16:06:57

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига қилган ҳар бир ташрифи катта янгиланишларга қадам бўлмоқда.

Президентимизнинг аввалги ташрифлари давомида белгилаб берилган вазифалар асносида қисқа давр ичида Сурхондарё вилоятида муайян ишлар амалга оширилди. Вилоятда ўтган йиллар мобайнида умумий қиймати 24 триллион 84 миллиард сўмлик 690 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали 15 минг 241 та иш ўрни яратиш белгиланган эди. Йилнинг ўтган даврида 552 тадан ортиқ лойиҳа учун 2 триллион 222 миллиард сўмдан зиёд маблағ жалб этилди. Қисқа вақтда қиймати 525 миллиард сўмликдан зиёд инвестиция лойиҳалари ишга туширилди. 2 мингга яқин иш ўрни яратилди.

Шу хусусда Президентимиз Шеробод туманида  бўлиб, агросаноат, савдо ва қишлоқ хўжалиги лойиҳалари салоҳияти билан танишиб, олиб борилаётган ишларни кўздан  кечирди. Айниқса, туманда анорчилик туман иқтисодиётининг «драйвери»га айланган.

Шундай анорзорлардан бири «Сардорбек Султонбек» масъулияти чекланган жамияти томонидан туманнинг «Бўстон» маҳалласида ташкил этилган. Президент ушбу боғни кўздан кечирди. Анор етиштирувчилар, хизматчилар билан дилдан суҳбатда бўлди.

Айтиш жоизки, Шеробод туманида сўнгги тўрт йилда 140 га яқин саноат объектлари иш бошлаган бўлиб, натижада меҳнат жойлари уч бараварга ортди. Шунингдек, ҳудудда гидропонек усулидаги янги иссиқхоналар, анорчилик плантациялари ташкил этиляпти. Жорий йилда мевани қайта ишлаш бўйича қўшимча корхоналар фаолияти йўлга қўйилади. Туман том маънода ўзгаришларга юз тутган. Авваллари мазкур туманга фақат аграр ҳудуд сифатида қаралган бўлса, энди саноат корхоналари бўйича ҳам илғорга айланмоқда. Хусусан, 2017 йилда туманда 103 та ишлаб чиқариш объектлари фаолият юритиб 800 дан ортиқ иш ўринлари яратилган бўлса, 2020 йилга келиб корхоналар сони 241 тага, иш ўринлари эса 2600 тага етди. Жорий йилда режага кўра уларнинг сони яна 20 тага кўпайиб 400 га яқин иш ўринлари ортиши кутилмоқда. Бугунги кунда саноатда банд бўлган аҳоли қишлоқ хўжалигида ишлайдиганлардан кўпчиликни ташкил этади.

Шерободнинг ўзига хос тажрибаси-анорчилик ҳудуднинг ташриф қоғозига айланиб улгурган. Сўнгги йилларда эса у оилаларнинг даромад манбаи. Туманнинг эса муҳим иқтисодий бўғинига айланди. Жорий йилда 3000 гектар майдонда анорзорлар барпо этиш режалаштирилган. Айни пайтда йирик плантациялар ташкил этиш давом этмоқда. Асосий жиҳати ушбу мева кўчатлари орасига полиз маҳсулотлари экиляпти. Бугунги кунгача 100 нафар ёшга 50 сотихдан ер ажратилган. Мухтасар айтганда, анорчиликда кўплаб ёшлар ва аҳоли вакиллари иш билан банд. Ҳар йили шерободликлар етиштирган анор навлари хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Президентимиз туманда анорчилик тармоғини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, касалликлардан асраш зарурлигини таъкидлади.

-Бизда анорчилик бўйича анъана бор, лекин илм йўқ, китоб йўқ, лаборатория йўқ. Анор жайдари усулда етиштириляпти. Касалликдан ҳимоя қилишни ҳамма ҳам билмайди. Энг катта нарса - нав керак. Кейин шу навни хонадонларга киргазиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев. Президентимиз Сурхондарёда қишлоқ хўжалигини инновацион йўналтириш бўйича институт ташкил этиш, анор билан бирга лимон, хурмо етиштиришни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Президентимизнинг бу сафарги ташрифи ҳам ҳудудда кўплаб замонавий лойиҳаларни жорий этишга кенг йўл очиб, воҳани иқтисодий-ижтимоий юксалтиришнинг истиқболли янги йўналишларини белгилаб беради. Туман аҳолисининг фаровон ҳаётга иштиёқини, обод ва осуда турмушга интилишини кучайтириб, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлайди.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+