ШҲТ ривожида янги босқич

19.09.2022 10:09:28

2022 йил сентябрь ойининг учинчи ҳафтаси тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан ёзилади. Чунки шу кунларда қадимий ва ҳамиша навқирон, ер юзининг сайқали саналмиш Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Дунёнинг қирқ фоиздан зиёд аҳолиси яшайдиган давлатларни бирлаштирган энг йирик минтақавий тузилма бугунги кунда жаҳон сиёсатига сезиларли таъсир ўтказаётгани яна бир бор ўз исботини топди.

ШҲТнинг Самарқанд саммити ишини бутун сайёрамизнинг давлат раҳбарлари, сиёсатчилар, экспертлар, журналистлар, миллионлаб кишилар кузатиб турдилар. У барча оммавий ахборот воситалари – газеталар, радио-телевидение, интернет-нашрлар учун ҳозир ҳам асосий мавзу бўлиб турибди. Ҳамма шарҳловчилар саммит юксак савияда ва муваффақиятли ўтганлигини қайд қилмоқдалар. Бунда мезбон мамлакат – Ўзбекистоннинг ҳиссаси беқиёслигига урғу берилмоқда.

Албатта, бу бежиз эмас. Айни вақтда Ўзбекистон ташкилот ичидаги турли йўналишларни ривожлантиришга таъсир кўрсатибгина қолмай, бошқа давлатлар илгари сураётган таклифларни ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда. Яқинда ШҲТнинг улкан салоҳиятини транспорт, коммуникация, логистика, инновацион ва рақамли ҳамкорликни, маданий ва ижтимоий дипломатияни ривожлантиришга йўналтириш ташаббуси маъқулланганлиги фикримиз далилидир.

Шу ўринда Францияда чоп этиладиган “Le Figaro” газетасининг шарҳи кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Бу нашр ўз материалига «ШҲТ Самарқанд саммити Ўзбекистоннинг катта дипломатик ғалабаси» деб сарлавҳа қўйган. Унда мамлакатимиз олиб бораётган изчил ташқи сиёсат, дунёда тинчлик ва барқарорликни, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида атрофлича сўз юритилган.

Газета тўғри таъкидлаганидек, ШҲТ Европа Иттифоқи сингари сиёсий ташкилот ҳам, НАТО каби ҳарбий блок ҳам эмас. ШҲТда Ўзбекистон алоҳида ўринга эга. Ташкилотга яқинга қадар Ўзбекистон вакили, ҳозирда мамлакат ташқи ишлар вазири Владимир Норов раҳбарлик қилди. Саммитнинг Самарқандда ўтказилиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу, Ўзбекистоннинг катта дипломатик ғалабасидир.

Нашр экспертлари Ҳиндистон, Покистон ҳисобига кенгайган ташкилот мавқейи янада мустаҳкамланганлигини қайд этади. Самарқандда улар сафига Эрон ҳам қўшилганлигини айтиб ўтиш лозим. Яқин келажакда эса Беларус, Миср, Қатар, Саудия Арабистони ҳам тузилма аъзоларига айланиши кутилмоқда. Сўнгги янгиликни журналистлар Туркия президенти Эрдоғандан эшитдилар. Саммитдан қайтар экан, у ўз мамлакатининг ШҲТга қўшилиш юзасидан ҳаракат бошлагани тўғрисида баёнот берди.

Саммит иштирокчилари ШҲТ фаолиятининг муҳим соҳаларидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди. Жами 44 та битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу, ташкилот тарихида рекорд кўрсаткичдир. Улар ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлигини ривожлантиришга йўналтирилган. Шунингдек, Беларус Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш жараёни бошланди, Малдив Республикаси, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Мянма Иттифоқи Республикаси, Қувайт Давлатига ШҲТнинг мулоқот бўйича шериги мақоми берилди. Варанаси шаҳри (Ҳиндистон) 2022-2023 йилларда ШҲТнинг туризм ва маданий пойтахти деб эълон қилинди.

Қисқаси, ШҲТнинг Самарқанд саммити зўр муваффақият билан ўтди ва ташкилотни ривожлантириш йўлидаги янги, муҳим босқич бўлди. Бу, бутун Ўзбекистон халқини чексиз қувонтиради.

Исроилжон ЖЎРАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+