Шифокор калтакланган вазиятга ҳуқуқий баҳо керак

06.08.2021 12:08:52

Бир неча кун илгари ижтимоий тармоқларда  “Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникада фуқаро шифокорни аямасдан тагига босиб олиб дўппослади” номли видео тарқатилди. Уни кўрган кишининг ҳайратдан ёқа ушлаши турган гап. Чунки  беморлигидан даволаш муассасасига шикоят қилиб келган йигит тиббиёт ходимини  қаттиқ калтакламоқда.

Аслида нима бўлган эди? Поликлиника ходимларининг айтишларича, воқеа 28 июль кечаси соат икки билан уч оралиғида рўй берган. Шифокор Аббосхон Убайдуллаев “Ковид-19”га қарши кураш олиб бориш учун тузилган мобил бригадада навбатчи бўлган. Унинг ҳузурига 1999 йилда туғилган Б.Н. 1996 йилда туғилган акаси Г.Н. билан  бирга келган ва уч кундан бери иситмаси тушмаётганлигидан шикоят қилган.

Шифокор уни тиббий кўрикдан ўтказиб, тана ҳарорати кўтарилмаганлигини айтган.  Б.Н. эса нотўғри ташхис қўйилди, деб жанжал кўтарган ҳамда шифокорни дўппослаб уришгача бориб етган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълумотида айтилишича, ҳозир  тажовуз нима сабабдан юз берганини  аниқлаб, жараёнга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли органлар томонидан текшириш олиб борилмоқда. Албатта, айбдорларга нисбатан кескин жазо чоралари кўрилиши таъминланади. Ўйлаймизки, жабрланган тиббиёт ходимининг манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган барча имкониятлар ишга солинади.

Мазкур воқеани таҳлил қилиш жараёнида икки омил эътиборни тортиши табиий. Биринчиси, тиббиёт ходимининг малакаси талаб даражасидами ёки йўқми? Чунки дард чекиб турган беморни соғ дейилса, ҳар қандай одамнинг ғазаби қўзийди, албатта. Шунинг учун ўша кунги тиббий кўрик натижаларини қайта текшириб чиқиш керак. Бу, тиббиёт муассасаси раҳбарларининг вазифаси. Лекин ҳозирча улар воқеага  ҳеч қандай изоҳ бермадилар. Бундай бўлиши ҳам аслида мумкин эмас.

Иккинчи томондан қараганда, ҳеч бир фуқаронинг бошқа кишига  қўл кўтаришга (у шифокорми ёки йўқлигидан қатъий назар) ҳақи йўқ. Лекин яна бир эътиборли жиҳати – кейинги йилларда мамлакатимизда тиббиёт ходимларига нисбатан нотўғри муносабатда бўлиш ҳолатлари тобора кўп учрамоқда. Уларни ҳақоратлаш, шахсига тегиш, уриб, тан жароҳатлари етказиш  кўп учрамоқда. Бу, мазкур ҳатти-ҳаракатлар учун қонунчиликда етарли даражада қаттиқ жиноий жавобгарлик кўзда тутилмаганлиги сабабли рўй бермоқда, деган нуқтаи назар ҳам йўқ эмас. 

Шунинг учун бу борада бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш фойдадан холи эмас, деб ҳисоблаймиз. Масалан, Америка Қўшма Штатларининг кўплаб ҳудудларида тиббиёт ходими ҳаётига тажовуз қилиш оғир жиноят ҳисобланади Бунинг учун узоқ муддатга турмага ўтириш мумкин. Агар жиноий ҳаракатлар оқибатида шифокор вафот этса, умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши ҳам мумкин. Айрим штатларда тиббиёт ходимлари учун ўзини-ўзи ҳимоя қилишни ўргатиш марказлари очилган. Уларда таълим олган шифокорлар анча-мунча безорининг “эсини киритиб қўйиши” мумкин.

Ушбу мулоҳазалар юзасидан қонун ижодкорлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари фикр билдиришларини кутамиз.

                                                                                              Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+