Шифокорлар даврасида тарғибот тадбири

21.09.2021 16:09:11

Маълумки, мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, барча  сиёсий партиялар қатори “Адолат” социал-демократик партияси томонидан воҳамизнинг чекка ҳудудларида сайловолди тарғибот тарзида митинг, учрашув ва тадбирлар  байрамона руҳда кўтаринкилик билан  ташкил этилмоқда.

Куни  кеча партия томонидан Хазорасп туманининг энг чекка қишлоғидаги  “Алоқали кўл”  маҳалласида жойлашган  “Чарвадор” оилавий шифокорлик пунктида  “Аҳоли саломатлиги - улкан бойлик” мавзусида бўлиб ўтган тадбирга тиббиёт ходимлари, маҳалла аҳолиси, партия фаоллари, депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

Тадбир даставвалида сўзга чиққан партия фаоллари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва унда  “Адолат” социал-демократик  партиясининг  муносиб ўрни ҳамда сайлов жараёнларида партия томонидан амалга оширилаётган  ишлар ҳусусида сўз юритилди.

Шунингдек, сайлов жараёнлари, Сайлов кодексининг мазмун ва моҳияти каби сиёсий масалалар тўғрисида фикр ва мулоҳазалар қизғин кечди.

Партиядан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган ислоҳотлар, жумладан тиббиёт ва таълим соҳасини янада такомиллаштириш масалалари устувор вазифа сифатида илгари сурилгани  иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

Жорий йилда бўлиб ўтадиган Президент сайловида муносиб иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалар  муҳокама этилди.

Тадбирда  маҳалла фаолларининг партиямизга билдирган муносабатлари, иштирокчилар диққатини тортгани билан бир қаторда биз-партия фаолларига куч бағишлади.  

Тадбирнинг иккинчи қисми санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқларию, иштирокчиларнинг  ўйин–кулгусига уланиб кетди.  

Воҳамизда бу каби тадбирлар байрамона руҳда давом этмоқда.

 

                                                                                                Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                        Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                             Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

    

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+