Шифокорни калтаклаган киши 2 йилга қамалди

29.10.2021 10:10:57

Бир неча ой илгари сайтимизда “Яна шифокор калтакланди” сарлавҳали материал босилиб, унда Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникада фуқаро шифокорни аямасдан тагига босиб олиб дўппослаганлигига муносабат билдирилганди.

Воқеа 28 июль кечаси соат икки билан уч оралиғида рўй берган. Шифокор Аббосхон Убайдуллаев “Ковид-19”га қарши кураш олиб бориш учун тузилган мобил бригадада навбатчи бўлган. Унинг ҳузурига  1999 йилда туғилган Б.Н. 1996 йилда туғилган акаси Г.Н. билан бирга келган ва уч кундан бери иситмаси тушмаётганлигидан шикоят қилган. Шифокор уни тиббий кўрикдан ўтказиб,  тана ҳарорати кўтарилмаганлигини айтган.  Б.Н. эса нотўғри ташхис қўйилди, деб жанжал кўтарган ҳамда шифокорни дўппослаб уришгача бориб етган.

Албатта, жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлган ҳолат тегишли органлар томонидан атрофлича ўрганилиши ва унга ҳуқуқий баҳо берилиши ҳақида ёзгандик. Сўнгги маълумотларга қараганда, ушбу жиноий иш юзасидан суд бўлиб ўтган ва айбдорларга  жазо чоралари белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди оилавий поликлиника шифокорини аёвсиз калтаклаган ака-укалар билан боғлиқ ишни кўриб чиққан. Суд 22 яшар укани Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми "б" бандида (бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. 25 ёшли акага эса 360 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди.

– Шаҳримизда юз берган ўша ҳолат барчани, айниқса, биз шифокорларни ташвишга солган эди, - дейди вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази бўлим мудири Иброҳимжон Абдуллаев. – Суд ҳукмидан кўпчилик қониқиш ҳосил қилди. Чунки  айбдорлар жазоланди, ҳақиқат қарор топди, адолат тикланди. Ўйлаймизки, бундан ҳамма тегишли хулоса чиқаради. Инсон саломатлиги посбони бўлган тиббиёт ходимларининг ҳаётига тажовуз қилиш бундан кейин барҳам топса ажаб эмас.

                                                                           Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+