Шоҳжаҳон пойтахтга отланди

29.11.2021 12:11:06

  Ўтган пайшанба куни Шоҳжаҳон учун қувончли кечди. Ўқишга бориши билан уни техникум дарвозаси олдида директор Муродилла Маматқулов бошчилигидаги педагоглар ва талабалар кутиб олдилар. “Табриклаймиз!”, “Қутлаймиз!”, “Қойил!”, “Янги муваффақиятлар тилаймиз!” каби олқишлар янгради.  Наманган юридик техникумида “Конституция билимдони” танловининг вилоят босқичи ғолибини ана шундай тантанали кутиб олишди.

  – Жамоамиз учун Шоҳжаҳоннинг “Адолат” социал-демократик партияси ташкил этган танловнинг вилоят босқичида ғолиб чиққанлиги катта воқеа бўлди, - дейди директор М. Маматқулов. – Уни ҳаммамиз аълочи ўқувчи ва фаол жамоатчи сифатида яхши биламиз. Дарсликлардаги материаллар билан чекланмай қўшимча адабиётларни ҳам ўқиб боради. Фанларни ўзлаштиришда тенгдошларига кўмагини аямайди.  Шу туфайли устозлари ва тенгдошлари орасида катта обрў қозонган. Биз мана шундай намунали ўқувчилар кўпайиши тарафдоримиз.

  Дарвоқе, Шоҳжаҳон Муҳаммадхонов шу кунларда танловнинг республика босқичига тайёргарлик кўрмоқда. Бунда унга устозлари ва гуруҳдошлари яқиндан ёрдам бермоқдалар. Мақсади – пойтахтда бўладиган баҳсларда вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилиш.

  Унинг иактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ҳуқуқий билимларга қизиққанини отаси Баҳромжон Асқаров    ҳам айтиб берди.

   – Мен ички ишлар тизимининг ёнғинга қарши кураш тизимида узоқ йил ишлаб, нафақага чиққанман, - дейди у. – Болалигидан газета-журнал, китоб ўқишга қизиқарди. Билимларини ошириш, дунёқарашини кенгайтиришга интиларди. Қўлимдан келганича ёрдам берардим. Шунинг учун мактабда аъло баҳоларга ўқиди. Юридик техникумда ҳам барчага намуна бўлаётганидан хурсандмиз.

  Танловнинг вилоят босқичидан кейин Шоҳжаҳон билан суҳбатлашгандик. У ўшанда Бош қомусни жамият тараққиётини белгилайдиган ҳужжат деб билишини айтганди. Шунинг учун Конституцияни ҳар бир инсон  яхши билиши керак, деб ҳисоблайди. Чунки ўзининг бурчлари ва ҳуқуқларини биладиган одамгина фуқаролик жамиятининг фаол аъзосига айланиши мумкин. Мана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, “Адолат” социал-демократик партияси ташкил этган бу тадбирни жуда ўринли ҳисоблайди.

  Қисқаси, Шоҳжаҳон айни пайтда етук ҳуқуқшунос бўлиб етишиш йўлидаги дастлабки қадамларни қўймоқда. У албатта, ўз мақсадига эришади, деб ўйлаймиз ва бу борада катта муваффақиятлар тилаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+