“Шу ёшга кириб, бепул дорилар ҳақида эшитмаганман”

04.08.2021 17:08:10

Юртимизда касалликларни барвақт аниқлаш ва даволашнинг самарали механизмларини яратиш, қолаверса, бирламчи тиббий бўғин орқали аҳолига кафолатланган тиббий пакетлардан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш ишлари йўлга қўйилди. Давлат тиббий суғурта механизмлари билан боғлиқ ишлар эса жорий йилнинг 1 июлидан Сирдарё вилоятида тажриба, синов тариқасида бошлаб юборилди. Президент Шавкат Мирзиёев, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга, соҳани ривожлантиришга оид, жорий йилнинг 25 майда эса "Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорини имзолаган эди.  Қарорда, 2021 йилнинг 15 июнидан бошлаб бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдорини ўртача уч баробарга ошириш, бирламчи бўғинда кафолатланган тиббий ёрдамнинг кафолатланган хизматларини ташкил этиш масаласи кўрсатиб ўтилганди. Бу борадаги ишлар ҳам бошлаб юборилди. Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги барча бирламчи тиббий-санитария муассасаларига 60 турдаги бепул дори ва тиббий буюмлар келтирилди. Бу эса аҳолига бирламчи бўғинда тиббий ёрдамнинг кафолатланган хизматларини ташкил этишда жуда қўл келди.

-Бизни 5-сонли оилавий поликлиникамиз Боёвут туманининг 2-бўлимида жойлашган. 10 минг 500 нафар аҳолига, яъни ҳудуддаги учта маҳаллага хизмат кўрсатади,-дейди поликлиника мудири, оила шифокори Гулсара Ризаева.-Президентимизнинг мазкур қароридан сўнг, бизга 60 турдаги дори ва тиббий буюмлар берилди. Олдинлари бундай бўлмаган. Зарур ҳолларда, яъни бирон бир фуқаро оилавий поликлиникамизга иссиғи чиқиб келса, дори-дармонимиз бўлмаганлиги сабаб ёрдам беролмасдик. Одамлар биздан норози бўлишиб, ўзлари билан дори ва дори воситаларини олиб келар эди. Шундан сўнг муолажа ўтказардик. Энди эса бунга ҳожат йўқ. Ўзимизда 60 турдаги дори ва тиббий буюмлар бор. Қулайлиги шундаки, улар бепул, кафолатланган тиббий ёрдамнинг кафолатланган хизматларида ишлатилади. Бу хабарни эшитган аҳолимиз олдинига ҳайрон қолишди. Ишонишмай, қайта-қайта сўрашди. Тушунтирганимиздан сўнг, рости роса мамнун бўлишди. Ҳозир мазкур муассасада аҳолига намунали, сифатли ва кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар мавжуд. Замонавий диагностика воситаларигача. Уч кун муқаддам муассасага янги УТТ аппарати, реактивлар келтирилди. УТТ аппаратида ишлайдиган мутахассис бир ойлик ўқишга юборилди. У малакасини ошириб қайтгач, ташхисот ишлари тўлиқ шу ернинг ўзида амалга оширилади.

-Мен, Боёвут туманининг 2-бўлимидаги “Ҳосил обод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиламан. Тўрт нафар фарзандим бор. 3 ўғил, 1 қиз,-дейди “Ҳосил обод”лик Соҳиба Тошбекова.- Куни кеча ҳам поликлиникага ўғлимнинг ангинаси шишганлиги боис ёрдам сўраб мурожаат қилгандим. Оила шифокорларимиз ўғилимнинг соғлиғини текширишди. Зарур тавсияларни бериб, шу ернинг ўзида муолажа ўтказишди. Дори-дармонлар бепул экан. Хурсанд бўлдим. Очиғи, эшитмаганман, кўрмаганман шунча ёшга кириб, бепул дори-дармон воситаларини берганлигини. Ҳайрон қолиб оила шифокоридан сўрадим. Кафолатланган тиббий хизмат дейишди менга. Бугун ўзимни бироз тобим бўлмаганлиги учун келдим. Сурункали обестриктив бронхит ташхисини қўйишди. Томоғимга салбутамол суспензиясини сепиб, антибиотик қилишди. Барчаси бепул. Раҳмат Президентимизга, бизни, бизни фарзандларимиз ва яқинларимизни соғлиғини ўйлаб яратиб берган қулайликлар учун.

-Туманимиз аҳолиси, 129 минг нафардан ошиқроқ. 14 та бирламчи тиббий санитария пунктларимиз бор. Барчасида шарт-шароит яхши. Энг қувонарли томони Президентимизни қароридан сўнг 60 турдаги дори ва дори воситаларини бепул кафолатланган тиббий хизмат учун берилгани катта ютуқларимиздан бири бўлди,-дейди Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Олим Бекмуродов.

Энг муҳими бугун аҳолида “Пулинг бўлмаса тузалмайсан” деган нотўғри тушунча йўқ бўлиб бормоқда. Чунки энди даво излаб тиббиёт муассассига борса текин дори берилмоқда. Бу эса мамлакатимизда инсон ҳаёти ва саломатлиги биринчи ўринда эканлигининг ифодаси.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни

сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+