“Шундай бўлишини билганимда, тўртта ҳўкиз боқиб қўярдим...”

17.06.2021 12:06:44

Мамлакатимизда ҳар бир соҳада улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича қатъий тартиблар белгиланяпти. Қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, коррупцион ҳолатларга қонун йўли билан қатъий чоралар белгиланяпти.

Аммо, баъзи бир нафси ҳаккалак отган кимсалар пул ишлашнинг янгидан янги йўлларини ўйлаб топишмоқда.

Мисол учун, куни кеча юртимизда ОТМга киришга ёрдам берадиган миллий сертификатлар 1000 АҚШ доллардан сотилаётгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларни “портлатди”. Ахир бу 5 та фан учун 5000 доллар дегани. Энди абитуриентлар ОТМга кириш учун ўқув марказларга боришмайди. Балки, сертификатлар олиш учун ишлашади. Тўғрида, масалан, нуфузли давлат институтларининг ўртача 4 йиллик контракти 8000 АҚШ долларидан ошади, сертификатлар эса 5000 АҚШ долларига баҳоланмоқда. Қай бири арзон - ўзингиз хулоса қилинг.

Шу ўринда савол туғилади, шу ишнинг бошида турганларнинг ҳам фарзандлари олий таълимга кириш учун кечалари ухламай тайёрланишармикан, ёки улар ёшлар не орзу-умидлар билан олий таълимга кириш учун ҳаракат қилишаётганини билишмаскмикан?

Таниш опам бўларди,  икки йил тайёргарлик кўриб ўқишга киролмагач учинчи йили имтиҳон пайтига келиб шунчалик асабий бўлиб қолган эдики, ҳайрон қолардим. Кечки овқатни ҳам тузук-қуруқ емасдан китобга термулар, кечалари столда ўтириб ухлар эди. У киши ҳозир қишлоғимиздаги  мактабда биология фанидан дарс беради. Дарсни жонли, қизиқарли тарзда ўқувчиларга етказиб бераётгани сабабли ҳам мактабда бу фанга қизиқувчи ўқувчилар сони талайгина.

Ўқишга кириб олсам бўлди, қабилида иш тутувчилар, аслида шу соҳани чин юракдан истамайди аммо дипломли бўлса бўлди. Ана шундай кадрлар туфайли жамият ривожи орқага тортади. Дейлик, 1000 дан ортиқ ёшлар сотиб олинган миллий сертификатлар сабабли ўқитувчи, шифокор ёки бошқа соҳага кадр бўлиб етишади. Шунча саводсиз кадрлар билан олдинга ривожлана оламизми?  

Мутасаддилардан ёшларнинг ҳаётида муҳим ўрин эгалловчи миллий сертификат тизимида бундай “кўзбуямачиликлар” бўлмаслиги учун  қатъий назоратга олишларини сўраб қолардим. Токи ўсиб келаётган ёш авлодда “Шундай бўлишини билганимда, тўртта ҳўкиз боқиб қўярдим...” деган фикр шаклланмасин.

 

Диёрбек НУСРАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгаши қошидаги “Ёш истеъдод” клуби аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+