Сифатли авиакеросинимиз бўлади

29.12.2021 15:12:29

Мен муҳтарам Президентимизнинг воҳамизга ташрифларини кузатар эканман, ҳар гал ҳам ниҳоятда самарали кечаётганлигининг гувоҳи бўлганман. Дарҳақиқат, бу сафар ҳам Президентимизнинг вилоятимизга келишлари нафақат мамлакатимизда балки бутун дунёда энг йирик ҳисобланган “Uzbekistan JTL” заводининг очилишига тўғри келди. Президентимиз ушбу завод ишга тушиши муносабати билан маросимда қатнашиб, нутқ сўзладилар.

Дарвоқе, бу заводда ҳар йили 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, авиациямиз учун ҳаво билан сувдек зарур бўлган 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Воҳамиз улкан имкониятларга эга. Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, заводда тайёрланаётган юқоридаги маҳсулотлар ҳисобига йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланиб, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари таъминланади.

Энди завод ҳақида тўхталадиган бўлсам, бундай йирик мажмуа шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда Қатар, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда барпо этилган. Энг йириги эса мамлакатимизда қуриб фойдаланишга топширилди. Мажмуа қурилишида ўтган давр мобайнида 13 мингдан ортиқ муҳандис ва қурувчилар иштирок этди.

Президентимиз маърузаларида алоҳида эътироф этганларидек, воҳамиз ўз бағрида ноёб бойликларни асраб келаётир. Ҳали ушбу заводнинг негизида яна қўшимча ишлаб чиқариш тармоқлари барпо этилади. Президентимиз кўрсатмаларига асосан завод атрофида йирик инфратузилма ташкил этилади ва бу ерда ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари юзага келади. Ушбу заводда фаолият олиб бораётган ишчи-хизматчилар учун шинам ва кўркам турар-жойлар барпо этилади.

Қуриб фойдаланишга топширилган ушбу мажмуада Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда ишлаб чиқарилган 10 мингдан зиёд ускуналар келтириб ўрнатилди.

Энди завод бир маромда ишлай бошласа, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳон бозорида ҳам ўз ўрнига эга бўлади, деб ҳисоблайман. Юртимизда вилоят, шаҳарларимиз бўйлаб сифатли ва арзон авиақатновлар ҳам кўпаяди.

Умуман олганда, мамлакатимизда бундай йирик заводлар кўпаяверсин. Ўзбекистонимизнинг дунё миқёсидаги обрўси ва нуфузи ортиб бораверсин.

Руиддин Раупов,

«Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+