Сифатсиз ва қалбаки дори воситаларига қаршимиз.

29.11.2023 12:11:56

Ўз олдига халқчил ва ҳаётий ғоялари билан халқимиз турмуш тарзини юксалтиришни мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон “Адолат” СДП фуқароларнинг манфаатлари йўлида уларнинг фаровонлигини таъминлаш, адолатли фуқаролик жамиятини қуриш масаласини сайловолди дастурида қайд этиб ўтган. Шунингдек, партия дастурларида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳанинг қуйи қисми бўлган оилавий поликлиникалардаги ўзгариш ва янгиликлар муҳим ўрин тутади. Хусусан, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар мавжуд. Партия ўз фаолияти давомида тиббиёт соҳасидаги ушбу муаммолар ечимини топишга астойдил бел боғлаган.

Жумладан, “Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз” лойиҳаси ҳам шундай интилишлардан биридир. Ушбу лойиҳа доирасида партиянинг Наманган шаҳар Кенгаши томонидан ҳам қатор тадбирлар – учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Наманган шаҳар Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ўтказилган навбатдаги тадбир ҳам ана шу мавзуга қаратилди. Унда иштирок этган Наманган шаҳар Кенгаши раиси Мирзараҳмат Олимов ўз сўзида қалбаки ёки сифатсиз дори воситалари, тиббиёт буюмлари қандай ва нима сабабдан тайёрланиши ҳамда савдога қўйилиши, бунинг олдини олиш ва истеъмолчилар жабрланишига йўл қўймаслик борасидаги фикрларини атрофлича тушунтириб берди. Талабаларни ҳам суҳбатга тортиб, ноанъанавий тарзда уларнинг мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашди. Тадбир иштирокчиларидан бири, вилоят Кенгаши ахборот хизмати мутахассиси Шаҳзод Нўмонов ҳам бу борада амалга ошириб келинаётган ишлар ва бажарилиши лозим бўлган зарур масалалар ҳақида гапириб берди.

 

Бундай тадбирни бизни техникумда ўтказилиши бежизга эмас,- дейди Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми директори ўринбосари Қобилжон Мирзабеков. – Барча йўналишлардаги талабаларимиз, айниқса, бўлажак фармацевтларимизга ушбу мавзуни етказишимиз, моҳиятини англашларида, ўқишдан кейинги фаолиятларида қўллашларида жуда катта кўмак бўлди.

 

Эркин савол-жавоб, баҳс-мулоҳазаларга бой тарзда ўтган ушбу давра суҳбатида наинки инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган, балки ҳеч қандай наф бермайдиган бундай воситаларни халқ истеъмолига етиб боришига йўл қўймаслик, имкон қадар бунга қарши туришга барча ўз ҳиссасини қўшишга, лоқайд бўлмасликка келишиб олдилар. Энг муҳими, соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшаш асносида халқимизнинг ҳар қандай дори воситаларига бўлган эҳтиёжларини камайтириш, касалликни даволашдан кўра унинг олдини олишга тарғиб қилиш орқали яхши самара беришига алоҳида урғу берилди.

 

"Адолат" СДП
Наманга вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+