«Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!»

31.07.2024 11:07:07

Ўзбекистон «Адолат» СДП Олтинсой туман Кенгаши томонидан тумандаги Тиббиёт бирлашмасида соҳа мутахассисларни жалб этган ҳолда «Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида»ги ПҚ-4438-сонли қарори ва унинг 4-бандига мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш ва рецепт бўйича дори воситаларини бериш тартибини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида маълумот берилди.

Шунингдек, турли мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар давомида шифохоналарга ётқизилган беморларнинг ўртача 10-20 фоизида дорилар ножўя таъсир қилганлиги ҳолати кузатилаётганлиги, ҳатто ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич икки баравар юқори кўрсаткични ташкил қилаётганлиги айтиб ўтилди.

Абдумурод Мўминов, Олтинсой туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори:

  • Дорилар саломатликни мустаҳкамлаш ва фаровонликни оширишда катта роль ўйнайди. Бироқ, керакли таъсирни яратиш учун дорилар хавфсиз, самарали, юқори сифатли ва оқилона қўлланилиши керак. Самарасиз, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларидан фойдаланиш беморларнинг соғлиғини хавф остига қўяди ва соғлиқни сақлаш тизими ва расмий дори ишлаб чиқарувчиларга ишончни сусайтиради.ЖССТ маълумотларига кўра, дори воситаларини назоратсиз қўллаш ва ўзини ўзи даволаш ўлим ҳолатлари, жароҳатлар, қон айланиш касалликлари, онкологик ва пульмонологик касалликлардан кейин 5-ўринда туради.

Ҳақиқатдан биз дори воситаларига оддий истеъмол товари сифатида қараймиз ва бу – вазиятни янада оғирлаштиради. Шунинг учун мазкур масала ҳар 100 минг аҳолига ўртача 25—27 та дорихона тўғри келадиган Ўзбекистон учун долзарбдир.

Бизнинг таклифимиз Соғлиқни сақлаш тизимини ижтимоий давлат тамойилига мувофиқлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасини янада такомиллаштириш, унда соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Пировард натижада аҳолининг умри узаяди.

Тадбирда иштирокчилар ўз таклифларини билдиришди ва мавзу доирасида ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Малика Хидирова,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Олтинсой туман «Аёллар қаноти»
Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+