Сирдарёда “Депутат ҳузурида” лойиҳаси

17.11.2020 21:11:09

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган навбатдаги лойиҳа ана шундай номланди. Сиёсий партия ва депутатларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадини кўзлаган мазкур лойиҳа партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг фаолиятида депутатларнинг иштирокини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Боиси партия ҳудудий Кенгашларининг қатор лойиҳа ва тадбирлари асосан депутатлик гуруҳларининг фаоллиги сабаб натижадор бўлади. Лекин охирги вақтларда бу ҳамкорлик самарали йўлга қўйилмагани таҳлилларда кўриниб қолмоқда. Шу сабабли партиянинг вилоят Кенгаши  томонидан фаолият режасига “Депутат ҳузурида” лойиҳаси ҳам киритилди. Эндиликда ҳафтанинг маълум бир кунида туман ёки шаҳар Кенгаши раиси бир нафар депутат ҳузурига боради, у билан истиқболдаги режаларни тузади ва энг муҳими депутатнинг ташаббускорлиги, фаоллиги рағбатлантирилади. Натижада эса депутат ва партиянинг ҳудудий Кенгаши раиси билан доимий алоқа ўрнатилади. Лойиҳанинг дастлабкиси вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева томонидан намуна сифатида амалга оширилди. Манзил эса вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлди. Боиси мазкур ташкилотдаги БПТ фаолиятини янада жонлантириш зарур. Бунда эса  ушбу ташкилотда бўлим бошлиғи лавозимида фаолият олиб бораётган халқ депутатлари Боёвут туман Кенгаши депутати Фурқат Аслановнинг фаоллиги зарур бўлади. Ташриф аввалида Дилшунос Абдуллаева ёш депутатни ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирлади. Чунки яқиндагина бу депутат “Мехр-саховат” кўкрак нишони соҳиби бўлган эди. Шундан сўнг раис ва депутат фаолиятдаги режалар, БПТ аъзолари сонини ошириш ва бу борада ечимини кутаётган масалалар ҳақида ўзаро суҳбатлашишди.

Жума кунидан бошланган лойиҳа Мирзаобод туманида ҳам давом этди. Яъни партиянинг туман Кенгаши раиси Шерали Шойзоқов депутат Ғайбулла Усмоновнинг ҳузурига борди. Аниқ мақсад сари тузиладиган режаларга муаллифлик қилишда бу депутатнинг ташаббуслари иш берадиган бўлди. Тумандаги  намунали маҳаллалардан бирида раис сифатида фаолият олиб бораётган депутат куни кеча “Мехр-саховат” кўкрак нишонига муносиб кўрилган эди. Эътирофдан руҳланган депутатнинг қувончига партиянинг туман Кенгаши раиси шерик бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Янгиер шаҳридаги ёш депутат Ўткир Файзиев ўз депутатлик фаолияти билан сайловчилари меҳрини қозонишга улгурган. Боиси аҳолининг мурожаатларига ўз вақтида жавоб бериш орқали ҳудудидаги мавжуд йўллар таъмири билан боғлиқ масалага ечим топган депутатни сайлов округидаги маҳаллалар аҳолиси билан бир қаторда ҳокимият вакиллари ҳам яхши танийди. Партиянинг Янгиер шаҳар Кенгаши раиси Фарход Расуловнинг бу депутатнинг ҳузурига бориши ҳам аҳоли мурожаатларини биргаликда ҳал қилиниши борасидаги навбатдаги режаларни тузилишига сабаб бўлди. Шунингдек партия ташкилотининг эсдалик совғаси ҳам депутат Ўткир Файзиевга топширилди.

Карантин қоидаларига амал қилинган холда ўтказилаётган   “Депутат ҳузурида” лойиҳасига Гулистон шаҳар Кенгаши  ҳам алоҳида эътибор билан ёндашди.  Яъни, Кенгаш раисининг депутат Дилшод Тожибоевнинг иш жойига бориши  ҳамкорликдаги тадбирларга замин бўлди. Хусусий тадбиркор сифатида иш олиб бораётган депутат  ташаббуси билан шаҳарда янги очилган бир нечта ишлаб чиқариш корхоналарида БПТлар очиладиган бўлди. Ана шундай ҳамкорликдаги чора-тадбирлар қачонки депутат партия ташкилотига ёки партия вакиллари депутат ҳузурига борсагина ўз натижасини беради. Зеро, депутат ҳузурида хал бўлмайдиган масала бўлмаслиги зарур.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+