Сирдарёда Пленумлар ҳафталиги

09.11.2020 20:11:59

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти ҳамда туман-шаҳар  Кенгашларида ўтган ҳафта Пленумлар ҳафталиги дея эълон қилинди. Вилоят Кенгашининг тасдиқланган режаси асосида иш бошлаган Пленумлар карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда онлайн тартибда ўтказилди.

Ҳафтанинг сешанбасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши мажлислар залида ташкил этилган  партия вилоят Кенгашининг V Пленуми ҳафталикни бошлаб берди.

Партиянинг ҳудудий Кенгаши раислари, БПТ раҳбарлари, депутатлар ва ОАВ вакиллари иштирок этган мазкур Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан ҳудудий Кенгашнинг тўққиз ойлик ҳисоботи кун тартибидаги биринчи масала сифатида ўрин олди.

Бу борадаги ишларни партиянинг  вилояти Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева қуйидаги рақамлар билан изоҳлади:

-Ҳисобот йилида мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган 10 га яқин партия лойиҳалари ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилди.

Жумладан, халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари ва партия фаоллари ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди.

Ҳисобот даврида ишчи гуруҳлар томонидан вилоят бўйича 9 ой давомида партиянинг ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 71 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 1293 та хонадон ва 35та хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 111 та мурожаат келиб тушиб, улар юзасидан 42 та мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада, 31та масала ўз ижобий ечимини топди. 6 дан ортиқ мурожаатлар мутасадди органларни жалб этиш орқали жойида ҳал этилди. 7 га яқин мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди.

Шунга қарамай (Боёвут, Ширин шаҳар, Сирдарё туман, Сайхунобод туманлар) Кенгашлари томонидан партиянинг дастурий вазифаларини амалга ошириш бўйича фаолияти қониқарли деб бўлмайди.

Албатта фаолиятдаги ютуқлар билан бирга камчиликларни ҳам кўрсатиб берган ҳисобот маърузасида танқидий фикрлар ва ечимга оид таклифлар ҳам тилга олинди. Жумладан партиянинг “Адолат” сиёсий-ҳуқуқий ўқувлари куни” лойиҳаси доирасида Ширин шаҳар, Сирдарё, Сайхунобод, Мирзаобод туман  Кенгашлари томонидан лойиҳа доирасида ҳар ҳафтанинг сешанба кунлари сиёсий ўқувларга  етарли даражада эътибор қаратилмагани танқид остига олинди.

Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида эса  ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизликни камайтириш мақсадида 16 нафар фуқаролар иш билан таъминланган бўлсада, тўққиз ойлик фаолият учун бу паст кўрсаткич эканлиги ҳам таҳлилларда кўрсатиб ўтилди. 

Шунингдек, партия вилоят Кенгаши раиси ўз маърузасида 2020 йилнинг 9 ойи довамида партиянинг иш режаси ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ишлаб чиқилган медиа-режа асосида кўзда тутилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга кўпроқ эътибор қаратилгани ҳақида сўз борди.

– Яъни, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда партиянинг маҳаллий Кенгашлари томонидан жами 743 та тадбирлар ўтказилиб, уларда 4743 нафар иштирокчи қамраб олинди. Вақтинча даромадсиз қолган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 231 нафарига партия депутатлари ва кўнгилли волонтёрлари томонидан зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди - деди Дилшунос Абдуллаева.

Шунингдек,  Пленум ишида ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларига Сирдарё туманида 1 та, Оқолтин туман 3 та, Ховос туман 1 та, Янгиер шаҳар 1 та, Сардоба туман 3 та жами 9 та масала киритишга эришилганига оид маълумот ҳам тақдим этилди. Лекин бошқа сиёсий партия депутатлик гуруҳлари билан таққосланганда бу ҳам паст кўрсаткич эканлиги афсус билан тилга олинди. Пленум қатнашчилари томонидан шу каби  қониқарсиз кўрсаткичларнинг ижобий ўсишига олиб келувчи қатор таклифлар ва режалар ҳам муҳокамага қўйилди. Партиянинг депутатлар ва аҳоли билан олиб бораётган ишида эътиборсизлик қилаётган туман ва шаҳар Кенгаши раислари эса вилоят Кенгаши ижрочи котибларига бириктирилиб, фаолиятни жонлантириш вазифаси белгилаб берилди.  

Ҳафтанинг чоршанба куни эса партиянинг Гулистон шаҳар Кенгаши томонидан Пленум ўтказилди. Халима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ўтказилган Пленум ишида БПТ раислари, аёллар ва ёшлар қаноти етакчилари билан биргаликда депутатлар  ҳам таклиф этилди.   Кун тартибидаги масалалар муҳокамасида депутатлик гуруҳлари томонидан  Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши сессияларга масала киритиш бўйича Гулистон шаҳар Кенгаши  томонидан ишларга етарлича эътибор қаратилмагани танқид остига олинди. Шунингдек партия ташкилоти томонидан БПТлар ишини жонлантириш ва янгиларини очишда сусткашликка йўл қўйилаётгани ҳам қониқарсиз дея баҳоланди.

Ҳафтанинг пайшанба куни партиянинг Мирзаобод туман Кенгашида Пленум ўз ишини бошлади. Унда асосий эътибор партиянинг “Сифатли дорилар – соғлом ҳаёт гарови”, “Тозалик - соғлом ҳаёт мезони!” лойиҳасини амалга оширишда  туман Кенгашининг фаолияти қониқарсиз баҳоланди. Чунки мазкур лойиҳалар ижросида Мирзаобод туманида ўз ечимини кутаётган масалалар етарлича бўлсада, партия ташкилоти ва депутатлари томонидан бирор ташаббус кўрсатилмаган. Фаолиятнинг тўққиз ойи мобайнида макзур лойиҳалар умумий режага нисбатан  50 фоизгагина бажарилган.

Ҳафтанинг жума кунида партиянинг  Сардоба ва Сайхунобод туманларида ўтказилган Плнемуларда ҳам асосий эътибор тўққиз ойлик фаолият мобайнида партия лойиҳаларининг амалдаги ижроси борасидаги ҳисоботлар танқидий-тахлилилй руҳда муҳокамага қўйилди.

-Партия Кенгашимиз ва депутатлар томонидан эътибор қаратишимиз зарур бўлган лойиҳалардан “Муаммо билан юзма-юз”, “Бир ойда бир иш ўрни” каби муҳимлари аҳоли билан самарали мулоқотни ўрнатадиган омиллардан биридир.  Лекин бу борадаги кўрсаткичларимиз таҳлилларда ижобий кўрсаткичларни кўрсата олмади. Демак келгуси уч ойлик фаолиятда мазкур йўналишда янада маъсулият билан ишлашимиз зарур бўлади - деди партиянинг Сардоба туман Кенгаши раиси Бекзод Бекмуродов ўз сўзида.

Шу каби фикрлар ва таклифлар муҳокамаси билан янада жонли ўтган Пленумлар ўз қарорларини қабул қилди. Зеро  ҳисобот даврига танқидий ёндашув келгусидаги ишларга дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Пленумлардан кўзланган мақсад ҳам шу эди аслида.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+