Сирдарёлик сайловчилар номзоднинг дастурий таклифларини муҳокама қилишди

19.10.2021 14:10:23

Сирдарё вилоят Гулистон шаҳар Ёшлар маркази биносида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичнинг cирдарёлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, хайрихоҳлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари,  ёшлар,  фаол хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этдилар.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили Умиджон Сулаймонов номзоднинг  таржимаи ҳоли ва фаолияти  тўғрисида атрофлича маълумот бериб ўтди.

Шундан сўнг Президентликка номзод  Баҳром Абдуҳалимов сўзга чиқиб, ўз сайловолди дастурида илгари сурилган  устувор ғоялар, мақсадлар, асосий масалаларни  сайловчилар эътиборига ҳавола этди.

Номзоднинг дастурида хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларни босқичма-босқич давом эттириш, уларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган аёлларни давлат бошқаруви органларининг барча соҳалари ва бўғинларига жалб қилиш масалаларига устувор вазифалар сифатида қаралиши олдимизда турган муҳим вазифалардан бири эканлиги айтиб ўтилди.     

Учрашувда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тўғрисида фикр юритилди.

Учрашувда сўз олган маърузачилар томонидан Б.Абдуҳалимовнинг сайловолди дастуридан ўрин олган ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли жамият қуришни давом эттириш борасидаги таклифлари атрофлича муҳокама қилинди.

Номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр-мулоҳаза билдирган сайловчилар вакиллари  номзодни   қўллаб-қувватладилар. 

Учрашув якунида номзод Баҳром Абдуҳалимов сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+