Сиёсий ҳуқуқимдан илк бор фойдаланаман

02.08.2021 16:08:53

Жорий йилнинг октябрь ойида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнлардан бири - Ўзбекистон  Республикаси Президенти сайлови бўлиб, янги сайлов кодесининг 4-моддасига биноан 18 ёшдан юқори бўлган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.

Сайлов қонунчилигига кўра ҳар бир сайловчи бир овозга эга эканлиги белгилаб қўйилган. Албатта, ҳар ким ўз фикрини, танловини белгилаб, танлаган номзодига овоз бермоғи даркор. Лекин яқин-яқингача баъзи юртдошларимиз ўз ҳуқуқларидан ўзлари тўғри фойдаланмай келишган ҳолатлар ҳам бўлган. Халқимизда оила боши - ота барчанинг номидан овоз бериш учун ҳамманинг паспортини йиғиб овоз бериб келиши каби ҳолатлар ҳам мавжудлигини шу саволларга жавоб излаш мобайнида дуч келганман.

Ҳайратим ошган. Ахир бу халқимизнинг давлатимизни ким бошқаришига бўлган эътиборсизлик эмасми? Сиз яшаётган заминнинг тинчини сақлаб қолиш учун кимга ишониб овоз бераётганингизни билмасангиз, қандай қилиб шу юрт фуқароси бўлиши мумкин?

Юқоридаги каби ҳолатларга рўбаро бўлишимизнинг асосий сабаби фуқароларимизда сиёсий билим ҳамда қарашларнинг етарли даражада  мавжуд эмаслигидир. Хўш, бунга сабаб нимада дейсизми? Кўпгина телеканалларимизнинг киносериаллари шу даражада саноғи кенгки, ҳатто 30 тадан ортиқ рекламаларни жуда чиройли жойланган. Лекин нега давлатимизнинг сиёсатидан бохабар этиб борадиган, уларни ёритадиган, давлат ва унинг бошқаруви, қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисидаги лойиҳа-дастурлар экран ойнасида камчиликни ташкил этади?

Фикримча, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқларини билиш билан биргаликда оёқ остидаги она замин тупроғида қандай кечинмалар содир этилаётганидан хабардор бўлмоги зарур. Бу борада бутун Ўзбекистон севиб томоша қиладиган каналларимизда ҳам ортиқча эътибор талаб этадиган кинофильмларни камайтириб, яроқлироқ ҳисобланган дастурлар  намойиш этишлари фойдадан ҳоли бўлмас эди. Зероки, бир олим айтганидек, туғилганингданоқ сен сиёсатни ичидасан. Бунга ҳар биримиз тайёр бўлишимиз керак.

Жорий йил сиёсий жараёнлар йили. Мен илк бор Президент сайловида иштирок этишимдан мамнунман. Айтишим керакки, ўтган сайловда сайлов жараёнлари қизғин ва тарғибот ишлари кенг олиб борилгани учун мен Президент сайловида иштирок этишга қизиқишим ва хоҳишим жуда баланд бўлган эди. Қонунчиликдаги нормага мувофиқ белгиланган ёшга тўлмаганлигим сабабли бу каби қизғин жараёнда қатнаша олмаганман. Ўша дамдан бошлаб негадир тезроқ 18 ёшга тўлишни ҳамда Президент сайловида иштирок этишни интиқлик билан кутдим.

 Ана энди мен ҳам бир овоз эгаси эканман сайловда ўз номзодини қўйган вакилларимизнинг ғоя ва ҳаракатларини ўрганиб, улардан бирига ишонч билдириб овоз бериш каби имкониятимдан маъсулият ила фойдаланаман. Бу ҳозирданоқ менда ҳаяжон уйғотаяпти. Тенгдошларимни, фуқароларимизни овоз бериш жараёнларида бевосита ва билвосита иштирок этишларини кутаман ва албатта кузатиб бораман.

Севара ЖАББОРОВА,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+