Сиёсий ўқувларда жиззахлик адолатчилар фаол

17.03.2021 12:03:28

Бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилиги, сиёсий партияларнинг дастурий мақсад ва вазифалари ҳамда сайлов жараёнларини ёритишнинг ўзига хос хусусиятларини тингловчиларга етказиш мақсадида сиёсий партиялар, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари учун сиёсий ўқувлар ўтказилмоқда.

Жиззах давлат педагогика институтида ташкил этилган мазкур семинарда иккинчи блокдаги партия фаоллари, депутатлар ва ОАВ вакиллари учун дарс машғулотлари бошланди.

Давлат бошқаруви академиясининг ўқув режаси ва дастури асосида бўлиб ўтаётган ўқувларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши ҳодимлари, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари фаол иштирок этишмоқда.

Дарс жараёнларида тингловчиларга янги Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, сиёсий партияларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёни, шахсий ва касбий кўникмаларни ривожлантириш юзасидан батафсил маълумотлар берилмоқда.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши раиси Ориф Шукуров ҳам макур ўқувларга тренер сифатида танлаб олиниб, “Сиёсий партияларнинг ҳуқуқий асослари, сиёсий партиялар фаолиятини молиялаштириш”, “Сиёсий платформа. Электорат билан ишлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари” мавзуларида тингловчиларга маъруза қилди.

- Ўтказилаётган сиёсий ўқувларда партия кадрлари ва фаолларининг сиёсий билимлари, уларнинг қонунчиликдан хабардорлиги ҳамда бўлажак сайловларда партия манфаатларини қандай ҳимоя қилиш юзасидан зарурий кўникмаларга  эга бўлмоқда - дейди партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши раиси О.Шукуров -  Мазкур ўқувлар  масъул ходимлар ҳамда депутатларнинг сиёсий билимини ошириш, фаол фуқаролик позициясини амалга ошириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўқув жараёнлари давом этмоқда.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+