Сиёсий тадбир янги имкониятларга эшик очади

16.07.2021 18:07:24

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар" мавзуидаги конференция   Марказий  Осиё давлатлари учун стратегик  аҳамиятга эгадир.

Бу давлатимиз, халқимиз учун ҳам ўта муҳим сиёсий тадбир.  Сўнгги  пайтларда Афғонистон  давлатида бўлаётган нотинчликлар  кўпчиликни хавотирга солиб қўйди. Ваҳоланки, мамлакатимизнинг энг яқин қўшниларидан бири бўлган мазкур давлатда юз бераётган ҳодисалар давлатимизнинг доимий эътиборида бўлган.  Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил октябрь ойида ўрнатилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  одилона сиёсати туфайли икки давлат муносабатлари моҳияти тубдан ўзгарди, унга янгича мазмун киритилди.  Мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.  Гарчи мамлакатимиз Афғонистоннинг ички ишига аралашмаслик позициясини  илгари сурса-да, яхши қўшни сифатида ўз ҳурмати ва гуманитар ёрдамини кўрсатиб,  мамлакатда тинчлик ўрнатилиши тарафдори бўлиб келган.

Маълумки, дунёнинг барча давлатлари, ҳар бир фуқаро учун тинчликнинг ўз қиймати бор.   Давлатнинг давлат сифатида ривожида ҳам бу омил ҳаёт-мамот масаласидек гап.  Давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги эса барча тармоқларнинг ривожланиши савдо-иқтисодий, маданий-ижтимоий  соҳаларга доир лойиҳалар амалга оширилиб, алоқалар янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Конференцияда тинчлик ва хавфсизлик масаласи кўпроқ муҳокама этилди. Афғонистон  Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Бош вазири Имрон Хон,  Европа Иттифоқининг хавфсизлик масалалари бўйича масъул раҳбари Жозеф Боррел ва бошқа  нуфузли халқаро экспертларнинг иштироки буни таъминлайди.

Юртбошимиз  конференция давомида бир неча ташаббусларни илгари сурди.  Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, кооперация ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш учун ҳар йили минтақалараро форум ўтказиш, “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлининг қурилишини иштирокчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётгани, минтақалараро стратегиясининг алоқаларни кучайтириш учун савдо, транзит ва божхона жараёнларини рақамлаштириш, қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш ва бошқа муҳим таклифларни билдирдилар.

Айтиш мумкинки, конференцияда кенг муҳокамага сабаб бўлган масалалар, билдирилган таклифлар  давлатлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаб, янги тармоқларнинг истиқболига хизмат қилади.

 

Шерзод КАРИМОВ,

Ўзбекистон  “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+