Сиз қалбимиз ардоғидасиз

28.09.2022 17:09:34

Таълим соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, ҳозирги вақтда ҳам таълим сифатини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган азиз устозлар аввало, сизни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу тилакларни изҳор этаман.

Мен қарийб 40 йилдан ортиқроқ вақт давомида педагогика соҳасида хизмат қилдим. Бугунги кунда мен таълим-тарбия бериб ҳаётга тўғри йўл кўрсатган ўқувчиларим бири устоз, бири муҳандис, яна бошқаси ҳуқуқшунос, шифокор қўйингки, халқ хўжалигининг барча жабҳаларида самарали фаолият олиб боряптилар. Мен уларга тўғри таълим-тарбия бериб, ўз ҳаётларида муносиб йўлларини топиб олишганидан мамнунман. Устоз учун бундан ортиқ бахт йўқ дунёда.

Шунинг учун ҳам Республикамизда фаолият олиб бораётган барча ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
Сизнинг ёш авлодга билим беришдек мураккаб ва савобли ҳамда шарафли меҳнатингиз учун барчамиз самимий миннатдорчилик билдирамиз. Фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз. Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Ўзбекистон фарзандлари чеҳрасидаги нур — бу тинчликнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Сиз ўқувчи ва талабаларингиз ҳузурига — синф хоналарига ҳамиша чеҳрангизда ишонч ва ўзгача илиқлик билан кириб боринг!

Сизни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

Муҳаббат Шаропова,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари

Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+