Сизга шараф, сизга шон!

28.09.2022 17:09:23

Ўқитувчи ва устозлар ҳақида шу кунгача кўплаб розлар, эътирофлар айтилган. Бироқ, улар меҳнатини, эзгуликларини яна қанча гапирсак, улуғласак шунча кам. Ҳазрат Навоий айтганларидек,

Ҳақ йўлинда ким цанга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо, онинг ҳаққин юз ганж ила.

Дарҳақиқат, ўқитувчилик касби – қадим-қадимдан энг эъзозли, эҳтиром ва эътиборга лойиқ, қалбларга яхшилик, мукаррамлик, адолат ва комиллик олиб кирувчи қадрли касбдир. Доно халқимиз мурғак фарзандини устоз қўлига топшираркан, беҳудага «Эти сизники, суяги бизники» дея боласига қаттиққўллик, устозга эса, хокисорлик изҳор этмаган. Ота-она боланинг фитратига оид бўлган бутун масъулиятни мураббийга ишониб топшираркан, бу орқали хайрли келажагини таъминлашни мақсад қилган. Ўқитувчи ва мураббийлар, ҳар қайси устозлар ҳам буни теран англаб, шогирдларини юксак чўққиларга эришиши учун борини аямайди. Ўқитувчи хоҳ у мактаб, олий ўқув юртида ёки бошқа билим масканидами, ўқувчиси уни тамомлаб кетганда ҳам у ҳақида қайғуради. Уларни комил инсон бўлишини тилайдилар. Бу муборак касб эгалари вазифаси таълим бериш бўлсада, ҳамиша тўғри тарбия беришданда толмайдилар.

Шу ўринда бир воқеа ёдимизга тушди. Кўчада кетиб бораётган ўқитувчининг ёнига хорижнинг қимматбаҳо машинаси келиб тўхтади. Ундан тушган басавлат киши устозга салом берди. Устоз ҳам бир пайтлар ўзи ўқитган ўқувчисини кўриб қувонч билан алик олди. Ҳол аҳвол сўрашди. Эркак машинаси томон юраркан опага истеҳзо билан шундай сўз айтди:

– Устоз, дарсингизда доим мени одам бўлишинг қийин дея танбеҳ берардингиз, мана кўриб турганингиздек катта одам бўлдим. Бошқалардек пиёда қолган жойимиз йўқ.

Бу гаплардан кейин устознинг юзидаги қувонч ўрнини маҳзунлик эгаллади.

- Ўғлим, ҳалиям одам бўлмабсан.

- Нега?

- Одам бўлиш бойлик, мартаба билан ўлчанмайди. У шундай деркан қўлига оғир сумкаларини олиб, йўлида аста давом этди.

Ўқитувчиларимиз ҳамиша шундай, бизни комил инсон, чинакам одам бўлишимизни беғараз истайдилар. Уларнинг меҳнатини оқлашимиз учун эса бошларидан зар сочишимиз шарт эмас. Орзу қилганларидек камолга етишимиз, улардан ўрганганларимизни бошқаларга улаша олсак кифоя. Ва фурсат топганимизда ёки баайни қутлуғ касб байрамлари арафасида бир дастагина гул билан йўқлаб, «Устоз, шу кунгача нимага эришган бўлсам, бунда сизнинг юксак ҳиссангиз бор, ҳамиша сиздан миннатдорман» деб айта олсак, бундан улуғи йўқ.

Азиз устозлар, мўътабар мураббийлар! Барчангизни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз. Фарзанд ва шогирдларингиз бахти ва камолини кўриш доимо сизларга насиб қилсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимий хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

 

Мирзараҳмат ОЛИМОВ,

«Адолат» СДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси.

Гулруҳ МЎЙДИНОВА,

партия фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+