Соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар тизимли ўрганилмоқда

26.07.2022 12:07:29

Халқимиз соғлиғини сақлаш, соғлом турмуш кечиришига эришиш юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Айни кунларда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши вакиллари ва депутатлари, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ҳамда ихтисослаштирилган марказлар раҳбарлари, шифокор-мутахассислардан таркиб топган ишчи гуруҳи вилоятда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини чуқур ўрганмоқда.

Хусусан, партия вилоят Кенгаши ва депутатлари ва масъуллардан таркиб топган ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 78-бандини ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ўрганилди

Ўрганишлар жараёнида аҳоли ҳамда беморлар билан юзма-юз мулоқот қилинди. Эътиборлиси, масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Аниқланган камчилик ва муаммоларга халқ вакиллари, соҳа мутасаддилари ҳамда масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ечим топишга қаратилган бу ишларни олиб борилишидан мақсад аҳолининг тиббий хизматдан розилигини таъминлашга қаратилган.

Ўрганишлар давомида вилоятда яшовчи 3 минг нафардан ортиқ энг оғир, сурункали касалликка чалинган ва эҳтиёжманд оилалар аъзолари қайта тиббий кўрикдан ўтказилиши режалаштирилди.

Шунингдек, асосий эътибор вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасининг ҳолати, асбоб-ускуналар билан таъминланганлик даражаси ва улардан самарали фойдаланиш, кадрлар таъминотига қаратилди. Вилоятда касалланиш кўрсаткичлари таҳлилдан ўтказилди.

Аниқланишича, марказда жорий йил давомида 68,0 млн сўмга таъмирталаб тиббий асбоб-ускуналар учун маблағ ажратилиб, тиббий аппаратлар таъмирланган. Ажратилган маблағлар Марказнинг тиббий пуллик хизмат асосида топилган маблағлар ҳисобидан бажарилган. Таъмирталаб аппаратларни таъмирлаш бўйича ва янги аппаратлар олиш бўйича 4 млрддан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Марказнинг лаборатория бўлими беморларга хизмат кўрсатиш учун барча реактивлар ва тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Марказда мавжуд барча тиббий аппаратлар стандарт қиёслов кўригидан ўтказилган бўлиб, юқори технологик аппаратлар (МРТ, МСКТ , рақамли рентген, узд) билан тўлиқ таъминланган.

Албатта, муаммолар бор. Уларнинг ечимлари ҳам таклиф этилмоқда. Чора-тадбирлар режалари тузилмоқда. Аммо масалаларни бартараф қилиш учун молиявий ресурс ҳам етарлича бўлмоғи лозим. Шу боис ҳам вилоятда мўлжалланган дастурга кўра, жорий йилда барча манбалар ҳисобидан соҳага маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, республика бюджетининг 4,8 миллион долларга тенг маблағлари ҳисобидан Республика кардиология марказининг вилоят филиали, вилоят эндокринология диспансери, юқумли касалликлар шифохонаси, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, тери-таносил касалликлари диспансери, кўп тармоқли тиббиёт маркази, 14 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда санитария-эпидемиология назорати муассасалари тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, дастурга асосан, жорий йилда вилоятда жами 80 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилиши ҳам режалаштирилмоқда.

Бугун соғлиқни сақлаш тизимидаги яна бир муҳим муаммо – кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласига ҳам дастурда алоҳида эътибор қаратилган. Дастлабки маълумотларга кўра, вилоятда тизимдаги тиббиёт муассасалари учун ажратилган штат бирлигида 5 минг нафарга яқин шифокор ишлайди. Яъни, бандлик даражаси 85,2 фоиз ташкил этади. Вилоятда 300 дан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд.

Аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш мақсадида аниқ муддатли, масъул ижрочилари ва молиявий манбаси белгиланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда навбатдаги вилоят депутатлари сессиясида таҳлилий-танқидий муҳокама этилиши режалаштирилди.

Шу хусусда депутатлар иштирокида навбатдаги сессияда ҳар бир тyмандаги биттадан қишлоқ маҳалла фуқаролари йиғинида соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларининг масъулиятини оширишга қаратилган ахборотлари эшитилиши маълум қилинди.

Ишчи гуруҳи ўрганишлари давом этади.

Фахриддин Орифхонов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши

мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+