Соғлом авлод-келажак пойдевори

22.07.2022 12:07:46

Партиянинг Қизириқ туман Кенгаши ва «Аёллар қаноти» Кенгаши томонидан тумандаги 1-сонли Мактабгача таълим ташкилотида «Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Ушбу тадбирда туман партия Кенгаши ва «Аёллар қаноти» Кенгаши вакиллари, маҳаллалар хотин-қизлар масалалари бўйича масъуллар, депутатлар, БПТ аъзолари ва МТТ ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирнинг асосий мақсади - жамиятимизда эрта никоҳ натижасида юзага келаётган муаммоларни маълум даражада олдини олиш ва йўл қўймаслик, бунда аввало соғлом оила муҳитини яратиш эканлигини тушунтириш эди.

Тадбирда сўз олганлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида оила институтини мустаҳкамлаш муҳим ўрин тутиши, давлат Дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг бугунги кундаги аҳамияти хусусида гапириб ўтишди.

Санобар Маматқобилова, тумандаги «Шодлик» маҳалласи хотин-қизлар масалалари бўйича раис ўринбосари:

- Кейинги вақтларда барча эътибор ёшларимиз ҳаётига, соғлиғига қаратилмоқда. Агар улар ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлсаларгина, юртимиз келажаги янада порлоқ, халқимиз ҳаёти тинч ва осуда, турмуши фаровон бўлишига шак-шубҳа йўқ. Никоҳ ёшига риоя этган ҳолда оила қурган соғлом шахслардан соғлом фарзанд дунёга келади, соғлом фарзанд бу соғлом авлод, соғлом миллат демакдир. Ҳаёт, тараққиёт доимий юксалишда, янги-янги марралар сари одимлайверади. Юртимизнинг эртанги куни, тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир етук мутахассис ёшлар Ватанимиз ривожи йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган, рўёбга чиқариладиган қудратли кучдир.

Бундан ташқари, тадбирда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, тиббий кўрикнинг аҳамияти, тиббий кўрикдан ўтиш тартиби хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Тадбир сўнгида маърузаларни тинглаган иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Дилбар Саидова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қизириқ туман «Аёллар қаноти» Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+