Соғлом оила-жамият тараққиётининг гарови

02.08.2022 14:08:45

Партиянинг Музработ туман «Аёллар қаноти» Кенгаши ҳамда туман Оила ва хотин-қизларни қўллаб -қувватлаш бўлими ҳамкорлигида тумандаги «Наврўз» маҳалласида маҳалла хотин-қизлари иштирокида «Оилалар мустаҳкамлиги-жамият тараққиёти гарови» мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирда партия туман «Аёллар қаноти» Кенгаши фаоллари, депутатлар, туман Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари, туман ҳокимилиги вакиллари ҳамда маҳалла хотин-қизлари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар хотин-қизлар ўртасида оилага бўлган муносабатни шакллантириш, никоҳ ёшига етмаган қизлар ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини бартараф этиш юзасидан фаол жамоатчилик назоратини ташкил этиш, хотин-қизларнинг маънавий дунёсини бойитиш, замонавий аёл тафаккурини шакллантириш, қишлоқларда яшаётган ёш қизларни спортга қизиқтириш, кенгроқ жалб этиш, аёл мураббийлар тайёрлаш ишларини рағбатлантириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини тиклаш учун тиббий ёрдамлар кўрсатиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратиш лозимлигини таъкидладилар.

Мавзулар юзасидан баҳс мунозараларда жойларда аёллар фаоллигини оширишга хизмат қилиши мумкин бўлган таклифлар баён қилинди. Шу билан бир қаторда ҳудудларда хотин-қизларнинг фаолиятини қўллаб қувватлашнинг аҳволи чуқур таҳлил қилинди. Айниқса вилоятнинг ҳар бир олий ўқув юртларида, ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда никоҳдан ўтувчи шахсларни мажбурий тиббий текширувдан ўтказиш йўли билан соғлом оила қуриш, туғруқ орасидаги муддатни узайтириш, соғлом фарзандлар кўриш учун мақбул ёшга риоя этиш, номақбул ҳомиладорлик ва қариндошлик никоҳи профилактикасини шакллантириш, шунингдек ушбу масалаларни ҳал қилишга қаратилган веб-сайт яратиб, уларда депутатлар, тиббиёт соҳасининг малакали мутахассислари, психологлар, тажрибали маҳалла оқсоқоллари ва маслаҳатчилари иштирокида мулоқотлар ташкил этиш энг мақбул йўл эканлиги қайд этилди.

Сайёра Бердиева, Халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати:

– Президентимиз раҳнамолигида халқимиз фаровонлигини юксалтириш, оилалар муаммоларини ўрганиш, маънавий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, бу ишларни оила муҳитида ва таълимнинг барча босқичларида амалга ошириш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айни пайтда туманда ташкил этилган «Ёш оила» марказларига асосан оила қуриш ва никоҳини қайд этиш истагида бўлган йигит-қизлар мурожаат этмоқда. Улар бу ерда ота-онасига, устоз-ўқитувчисига айта олмаган муаммоларини бемалол айтади. Улар билан малакали ҳуқуқшунослар, психологлар ишлайди. Ташкил топаётган ҳар бир янги оиладаги маънавий муҳит соғлом бўлишига эришиш бизнинг асосий вазифамиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга», деб белгилаб қўйилган. Халқимиз болажонлиги, оилапарварлиги билан машҳур. Болага нафақат меҳр беради, балки ёшлигидан ахлоқ-одоб, маънавият асосида тарбиялашга интилади. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.

Тадбирда эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, ёшларни турмушга тайёрлаш, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти, ёш авлодни ҳозирги глобаллашув даврида миллийлигимизга ёт ғоя ва мафкуралардан асраш хусусида фикр алмашилди.

Юртимизда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Дилафрўз Раҳматова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши

бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+