Соғлом ва адолатли жамият тараққиёти кафолати

16.09.2022 13:09:10

Партия Музработ туман Кенгаши ҳамда туман «Аёллар қаноти» Кенгаши ташаббуси билан тумандаги 22-сонли мактабгача таълим ташкилотида «Хотин-қизлар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш – соғлом ва адолатли жамият тараққиёти кафолати» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда партия туман кенгаши ва «Аёллар қаноти» Кенгаши вакиллари, депутатлар, партия ва маҳалла фаоллари, БПТ аъзолари ва МТТ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда маърузачилар томонидан иштирокчиларга Ўзбекистонда одам савдосига қарши кураш, аёллар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш, соғлом ва адолатли жамият тараққиётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг маълумотлар берилди. Одам савдосига қарши курашиш борасида қонунчиликни такомиллаштириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапирилди.

Тадбирда сўз олганлар томонидан одам савдоси — инсон ва унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига рахна солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири эканлиги, ўз домига асосан ёшлар ва аёлларни тортаётгани катта ташвиш ва хавотир уйғотаётганлиги хусусида гапириб ўтилди. Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш асосий қадриятга айланган бир пайтда бу мудҳиш иллат ноқонуний қурол савдоси, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний муомаласи каби оғир оқибатларни келтириб чиқариши ҳақида тушунтириб ўтилди.

Сайёра Бердиева, Халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати:

Маълумотларга қараганда, ҳудуд ва чегара билмас ушбу муаммодан ҳар йили дунё бўйича тахминан уч миллионга яқин фуқаро талофат кўряпти.. Уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади. Дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад 7 миллиард АҚШ долларидан ошмоқда. Бу муаммо бизнинг жамиятимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Ўтган йиллар давомида республикамизда бундай жиноятларнинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» Қонун қабул қилиниб, норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди, халқаро ҳужжатларга қўшилди.

Тадбир давомида мавзу юзасидан иштирокчилар бу борада ўз фикр, мулоҳазаларини билдиришди.

Гулшод Турсоатова,

«Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+