Спортга юксак эътибор намунаси

18.08.2021 12:08:05

2021 йил июль-август ойларида Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтган ХХХII ёзги Олимпиада ўйинлари ҳам тарих бўлиб қолди. Ер юзидаги деярли барча мамлакатларнинг атлетлари қатнашган мазкур нуфузли мусобақаларда мамлакатимиз вакиллари ҳам муносиб қатнашганликлари диққатга сазовордир. Ҳамюртларимиз учта олтин ва иккита бронза медалини қўлга киритиб, умумий ҳисобда 32-ўринни эгалладилар.

Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Токио Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашувида атрофлича фикр юритилди. Тадбирда  спортчилар миллатнинг «олтин фонди» дея таърифлангани бежиз эмас. Улар юртимиз шон-шуҳратини бутун дунёга ёйишга муваффақ бўлдилар.

Айниқса, Президентимизнинг қуйидаги сўзлари спортчи сифатида менинг ҳам юрагимдан мустаҳкам ўрин олди: «Томирларида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Бобур каби буюк аждодларимизнинг куч-ғайрати жўш уриб турган, уларга ҳар томонлама муносиб бўлган авлодгина бундай улкан ишларга қодир бўлади. Бугунги кунда бутун Ўзбекистон сизлар каби баҳодир ўғлонларини олқишламоқда, жаҳон аҳли сизларга тан бермоқда. Мен доимо бир фикрни такрорлашдан чарчамайман. Биз ўзимизнинг ҳалол меҳнатимиз, ақл-заковатимиз, қатъият ва иродамиз билан дунё аҳли бизни тан олиши, эътироф этишига эришишимиз керак.  Янги Ўзбекистонни янги ғалабалар билан бутун дунёга танитаётган спортчиларимизнинг беқиёс ютуқлари мана шу йўлда яна бир муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Бундай азму шижоатли, ватанпарвар ёшларимиз энг катта бойлигимиз, миллатимизнинг «олтин фонди», десам, ўйлайманки, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан».

Ёзги Олимпиада ўйинларида ғолиб чиққан спортчиларга 200 минг АҚШ долларидан, бронза медаль эгаларига 50 минг доллардан мукофот пули тақдим этилгани эътиборга лойиқдир. Олимпиада чемпионларининг мураббийлари 40 минг АҚШ долларидан, бронза медаль соҳибларининг устозлари 20 минг АҚШ долларидан мукофотланди. Шунингдек, Олимпиада ўйинларида иштирок этган, бунга лицензия олиш учун кўп йиллар давомида машғулот олиб борган “Токио-2020”нинг ҳар бир қатнашчиси 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

Давлатимиз раҳбарининг Фармонига мувофиқ “Токио-2020” мусобақаларида юқори натижаларга эришган бир қатор спортчи ва мураббийлар  юксак мукофотлар – фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Мукофотланган олимпиячилар орасида Наманган вилоятининг  вакиллари ҳам борлиги ғоят қувонарлидир. Мисол учун  «Келажак бунёдкори» медали билан отиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Мухтасар Тоҳирова, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Нилуфар Зокирова тақдирландилар. Оғир атлетикачи Адҳамжон Эргашев эса “Шуҳрат” медалига сазовор бўлди. Бу, Наманганда ҳам спортни янада оммалаштириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилганлигига берилган юксак баҳо дейиш мумкин.

Учрашувда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича янги, янада юксак марралар белгиланди. Ўйлаймизки, келгуси Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон спортчилари ҳозиргидан ҳам юқори ўринларни эгаллайдилар. Бунга мен раҳбарлик қилаётган Чортоқ болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоаси  ҳам муносиб ҳисса қўшиш ниятида иқтидорли ёш спортчиларни тайёрлашга ҳаракат қилади.

Сарвар МУРОДИЛЛАЕВ,    

халқ депутатлари Чортоқ туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+