Спортни сев, спорт билан яша

13.12.2021 15:12:17

Жорий йилнинг 10 декабрь куни Чирчиқ шаҳрининг “Шодлик” МФЙ ҳудудидаги гимнастика майдончасида иккинчи сектор раҳбари, шаҳар прокурори Ҳайрулла Бўриев ташаббуси билан ёшлар ўртасида “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида “Street workout” (“кўча спорти”) ҳамда парақиличбозлик бўйича “Прокурор кубоги” мусобақалари ташкил этилди.

Мазкур спорт тадбирида Чирчиқ шаҳар сектор раҳбарлари, Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Равшан Дастиров ва “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси раиси, Халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати Ўткир Тожибоев ҳамда Қизил Ярим ой жамияти шаҳар бўлими раҳбари Юнус Рустамов иштирок этишди.

Кўтаринки руҳда муросасиз баҳслар остида ўтган беллашувлар давомида ҳаваскор спортчи-ёшлар ўз маҳоратларини намойиш этишди. Якуний натижаларга кўра, “Street workout” бўйича “Адолат” ҳамда “Мирзо Ғолиб” жамоалари аъзолари пешқадам  бўлишди.

Куннинг иккинчи ярмида қиличбозлик залида Қизил Ярим ой жамияти Чирчиқ шаҳар бўлими кубоги учун “Спорт - ҳамма учун” шиори остида имконияти чекланган спортчилар ўртасида парақиличбозлик бўйича беллашувлар бўлиб ўтди.

“Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши, Қиличбозлик федерацияси Тошкент вилояти бўлими, Чирчиқ шаҳар Туризм ва спорт бўлими, “Адолат” СДПнинг “Ёш адолатчилар” қаноти Тошкент вилояти кенгаши, Чирчиқ олимпия заҳиралари коллежи, Қизил Ярим ой жамияти шаҳар бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу мусобақада спортчилар қиличбозликнинг шпага йўналишида ўзаро баҳслашдилар.

Беллашувларда эркаклар ўртасида Достон Давронов биринчи, Муслим Муталимов иккинчи, Элдорбек Эргашбоев ва Обид Норбўтаев учинчи ўринни банд этдилар. Аёллар ўртасида эса фахрли биринчи ўрин Албина Нуриддиновага насиб этди. Иккинчи ўринни Сетора Қодирова эгаллаган бўлса, учинчи ўринни Турсуной Абдуллаева ҳамда Наимахон Иминжонова қўлга киритдилар.

Мусобақа якунида Чирчиқ шаҳар прокурори Ҳ. Бўриев ғолиб спортчиларни тақдирлар экан, мамлакатимизда ёшларимиз учун яратилаётган шарт-шароитлар, жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътибор ҳақида тўхталиб, мазкур имкониятлардан самарали фойдаланишга чорлади.

Кучли учликдан ўрин олган спортчилар ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом, медал ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

“Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгаши

матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+