Стратегик ҳамкорлик ривожланади

21.12.2021 16:12:55

Бугунги кунда Корея Республикаси Ўзбекистоннинг барча соҳалардаги асосий ҳамкорларидан бирига айланган, деб бемалол айтиш мумкин. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро фойдали алоқалар тобора ривожланиб бормоқда. Бунда Президентимиз айтганидай, менталитетимиз, анъана ва маънавий қадриятларимиз ўхшашлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жанубий Корея юртимиз мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган ва дипломатик алоқалар ўрнатган. Тез орада шу санага ҳам ўттиз йил тўлади.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи жараёнида мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан қатор келишувларга эришилгани диққатга сазовордир. Музокаралар жараёнида Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ҳам Сеул Тошкент билан ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини таъкидлади.

Икки давлат ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари билан боғланган ҳамкор эканлиги қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги ускуналари ва электр техникаси ишлаб чиқариш, энерготехника тармоғи ва энергетика, саноат корхоналарини барпо этиш каби соҳаларда биргаликда турли лойиҳалар амалга оширилаётганлиги яхши самара бермоқда. Ушбу ташриф доирасида яна қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Улар Биз глобал иқлим ўзгаришларига қарши туришга, «ақлли» шаҳарлар, смарт-фермалар, АКТ ва электрик автомобиллар ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришни кўзда тутади.

Шу ўринда Корея Республикаси мамлакатимизнинг асосий савдо-иқтисодий соҳалардаги асрий шерикларидан эканлигини айтиш лозим. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони қарийб икки баробар ортганлиги фикримиз далилидир. Бунга ҳатто коронавирус билан боғлиқ пандемия ҳам халал бера олмади. Томонлар ҳозир Ўзбекистон ва Корея Эркин савдо тўғрисидаги битим тузиш арафасида турибдилар. Президентлар ушбу ҳужжатнинг келгуси йили имзоланса, товар айирбошлаш кўрсаткичларини ошириш ва мувозанатга келтириш имконияти пайдо бўлишига ишонч билдирдилар.

Давлатимиз раҳбари яқин даврга мўлжалланган ҳамкорликда учта асосий йўналиш: «яшил» тараққиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди. Улар келгусида ишлаб чиқиладиган барча қўшма лойиҳалар, дастур ва ҳаракатлар режаларида ўз аксини топади, деган фикр олға сурилди.

Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин музокаралар якунлангач, Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар. Мазкур ҳужжат ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш, икки халқ ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадлари ўрин олган. Рақамлаштириш, «яшил» иқтисодиёт ва кучли ижтимоий сиёсат соҳалари алоҳида стратегик шерикликнинг уч муҳим йўналиши сифатида белгилаб берди. Бундан ташқари, ўзаро ҳамкорликни янги, янада юқори босқичга кўтариш имконини яратадиган бошқа келишувлар ҳам имзоланди. Улар орасида Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, шунингдек, энергетика соҳасида ўзаро мулоқот ўрнатиш, «ақлли шаҳар»ларни ривожлантириш, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси орқали молиялаштириш, нодир металлар, мис ва уларнинг қотишмаларига оид меморандумлар бор.

Давлат ташрифи доирасида Сеулда яна кўплаб бошқа учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Ҳеч шубҳасиз, уларнинг барчаси Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+