Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар адолатчилар эътиборида

30.04.2022 11:04:01

Мамлакатимизда сўнги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида изчил  ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида бир қатор ишлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Албатта, ислоҳотларнинг ҳаётга тўғри татбиқ этилиши ўзининг самарасини кўрсатиб соҳага фуқаролар ишончини ошишига, судларни ҳақиқий адолат қўрғонига айланишига катта ҳисса қўшади.

Пастдарғом туманида Ўзбекистон “Адолат” СДП Пастдарғом туман Кенгаши ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада кенгайтириш, суд-ҳуқуқ соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Соҳа вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда суд инсонпарварлик тамойили асосида фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи одил орган, адолат қўрғони бўлиб фаолият юритиши лозимлиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида ҳам инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этиш мақсади мужассам эканлиги борасида сўз юритилди.

Алмос Болтаев, фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман суди раиси - бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар, аввало инсон манфаати, унинг орзу-умидлари, эзгу ниятларини рўёбга чиқаришдек хайрли мақсадларга хизмат қилаётгани барчамизга аён. Худди шунингдек суд-ҳуқуқ тизимида ҳам соҳани янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қо­нуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Бу эса инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ҳар бир шахснинг давлат ҳимоясида эканлиги тўғрисидаги конституциявий принципларини амалга оширишни кафолатлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли.

Тадбирда иштирок этган тумандаги Мирзо Улуғбек, Гулкаяндоз, Тинчлик ва Оқ олтин маҳалла фуқаролари йиғинлари фуқаролари кадастр, эгалик ҳуқуқи, ноқонуний қурилишлар,  табиий газ билан таъминланишдаги муаммолар, кишилар саломатлигини тиклаш борасида бепул ордер олиш, ногиронлик нафақасига чиқиш учун кўмаклашиш борасида бир қатор мурожаатлар ўртага ташланди. Кўтарилган мурожаатлар бўйича туман кенгаши депутатлари мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиқиб, ижроси юзасидан депутатлик назоратини ўрнатишни маълум қилган бўлса, ҳуқуқий жиҳатдан соҳа вакиллари, Иқтисодий суд туман бўлими раиси, фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси, масъул ходимлари томонидан батафсил жавоблар берилди.

Тадбир сўнгида соҳа вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари фуқароларнинг шу каби йиғилишларни кўпроқ ташкил этиш борасидаги фикрларини эътиборга олган ҳолда келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишларни режалаштириб олдилар.

Феруз Тураев,

Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+