Суд мустақиллигини чинакам таъминлаш - энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур

14.07.2022 11:07:45

Тошкент вилояти Бўка тумани Маданият марказида Ўзбекистон «Адолат» СДП Бўка туман Кенгаши томонидан «Суд мустақиллигини чинакам таъминлаш - энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон «Адолат» СДП Бўка туман Кенгаши раиси, «Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича» доимий комиссия раиси Хуршида Абидова ҳамда, Жиноят ишлари бўйича Бўка туман суди раиси Шерзод Абдуқодиров, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этишди.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири — инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, аввало, асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари ҳамда адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқлари самарали муҳофаза этилишини таъминлаш ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Унда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар, вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил қилиш таклифи илгари сурилди. Комиссиянинг асосий вазифалари этиб одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириш, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиш, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш кабилар белгиланди.

Зеро, ҳар бир демократик давлатда суд тизими инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган механизмнинг асосини ташкил қилади.

Мустақиллик йилларида юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Албатта, ислоҳотларнинг ҳаётга тўғри татбиқ этилиши ва самара бериши кўп омилларга боғлиқ. Шу боис, аввало, кадрлар, қолаверса, ишни тўғри ташкил этиш механизмини яратиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш каби ўта муҳим масалалар эътиборда бўлиб келмоқда.

Мазкур Комиссиянинг ташкил этилиши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, биринчи навбатда, судьяларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан ҳимоя қилиш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, судьялар корпуси фаолиятини шакллантиришда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш, суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилаб, нуфузини янада кўтариш, судлар тузилишини такомиллаштириш ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштириш, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, фуқароларнинг судлар фаолияти юзасидан қилаётган мурожаатларининг ижобий ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш ўринлики, туман Халқ қабулхонасида фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун бириктирилган суд ходимлари мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтириш ва маълумотлар бериш билан чекланиб қолаётгани туфайли, кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этишда сансалорликка йўл қўйилмоқда. Натижада, бу суд фаолиятига оид такрорий мурожаатларнинг янада кўпайишига олиб келмоқда.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш бўйича таклифи ўз вақтида қабул қилинди, деб ҳисоблаймиз. Боиси, ушбу Комиссия мамлакатимизда юқоридагидек ҳолатларга тўлалигича барҳам беришга, суд ҳокимиятини амалда янада такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларнинг натижадорлигига катта ҳисса қўшади.

Қисқача айтганда, суд инсонпарварлик тамойили асосида фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи одил орган сифатида фаолият юритади. Зеро, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида ҳам инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этиш мақсади мужассамдир.

Мазкур тадбирда тумандаги 44 маҳаллалардан келган нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олдилар.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти

Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+