Сурхон янада тараққий этади

07.06.2021 18:06:57

Мамлакатимизнинг ҳар бир минтақаси бугунги кунда Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Айни пайтда уларни янада ривожлантириш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун миллиардлаб сармоялар йўналтирилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг вилоятларга сафари асносида иқтисодиётнинг турли соҳаларига оид истиқболли лойиҳалар устида иш бошланаётгани диққатга сазовордир.

Президентимизнинг Сурхон воҳасига ташрифи тафсилотлари билан танишар эканмиз, вилоятда юрт ривожига ҳисса қўшадиган улкан имкониятлар борлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Айниқса, Термиз шаҳрида  вилоят маҳаллий кенгашлари депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилиш менда катта таассурот қолдирди. Хусусан, юртбошимиз томонидан билдирилган ҳар бир фикр, олға сурилган ҳар бир ташаббус эл бахт-саодати ҳақида ғамхўрлик руҳи билан суғорилганлигини тўла ҳис этдим.

Мисол учун,  Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманлари ривожига туртки бериш мақсадида қатор тадбирлар белгиланди. Жумладан,  ушбу туманларда янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини ер, мол-мулк, кичик корхона айланмасидан олинадиган солиқлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан 2024 йил 1 январга қадар озод қилиш  таклиф этилди. Вилоятда 2021-2022 йилларда умумий қиймати 16 триллион 900 миллиард сўм бўлган 1 минг 177 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Натижада 25 мингта янги иш ўрни ташкил бўлади.

- Вилоятда қурилиш материаллари, енгил, чарм, озиқ-овқат, электротехника, маҳаллий саноат каби “драйвер” соҳаларни жадал ривожлантириш ва янги лойиҳаларни кўпайтириш зарур, - деди Президент. Шу мақсадда, қурилиш материалларини экспорт қилишда транспорт харажатлари ва кредит фоизларини қисман қоплаб бериш, импорт ўрнини босувчи маиший товарлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий саноат корхоналарига хомашё ва ярим фабрикатларни импорт қилишда имтиёзлар бериш бўйича таклифлар билдирилди.

Бундан ташқари, Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонаси ташкил этилиши айтилди.

Инвестиция лойиҳаларининг 3 триллион 121 миллиард сўмлиги қишлоқ хўжалиги соҳасига оидлиги эътиборга орйиқдир. Хусусан, 1 минг гектар иссиқхоналар ташкил этишга 950 миллиард сўм йўналтирилади. Олтинсой, Узун, Бандихон, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Термиз ва Сариосиё туманларида зайтун плантациялари, Шеробод, Музработ ва Қизириқда анорзорлар барпо этилади.

Қисқаси, яқин йиллар ичида Сурхон воҳаси янада тараққий топади, бу заминда яшовчи аҳолининг турмуш фаровонлиги эса янада ошади. Бундан ҳаммамиз мамнунмиз.

 

Отабек НАЗАРОВ,

халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+