Сурхондарёда беғараз донорлик акцияси бошланди

30.05.2024 17:05:13

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши аъзолари партиянинг «Бор меҳримиз сенга болажон» акцияси доирасида хайрли ва савобли ишларни бугунданоқ бошлаб юборишди. Донорлик акциясида партиямиз фидоийлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ўз қонларини топшириш учун вилоят қон қуйиш марказига боришди.Шунингдек, вилоят Суди ходимлари ҳам ўз инсонийлик бурчларини адо этиш учун марказга тўпландилар.

Жамиятда соғлом турмуш тарзи ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилиш, муҳтожларга кўмак бериш, беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ўтказилган тадбирда ходимлар фаол иштирок этди.

Тадбир аввалида шифокорлар томонидан қон топширишнинг фойдали хусусиятлари, турли касалликларнинг олдини олишдаги аҳамияти ҳақида тушунча берилди.

Жўрабек Ачилдиев, вилоят Маъмурий суди судьяси, тадбир иштирокчиси:

  • Бизга маълумки, инсонлар доимо яхшиликлар қилишга интилиб яшайдилар. Шундай экан, биз донорларни беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу ниятли инсонлар дейишимиз мумкин. Сабаби улар қонга муҳтож, минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Шу каби эзгу амаллар вилоят Суди ходимлари томонидан бугун «Бор меҳримиз сенга болажон!» шиори остида амалга оширилди. Тадбир Республика Қон қуйиш маркази Сурхондарё вилояти филиали шифокорлари иштирокида ўтказилди. Барча кўнгиллилар сифатида қон ва унинг компонентларига муҳтожлар учун қон топширишди. Кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олижаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

Кўнгиллиларга партиямиз ташаккурномаси ва совғалари топширилди.

Дилафрўз Раҳматова,
 «Адолат» СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши
мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+