Сурхондарёда ташаббускор қайноналар ғолиб бўлди

30.08.2021 10:08:24

Термиз шаҳридаги Матбуот уйида “Адолат” СДП томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона” республика кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Тадбирда ўзининг ибратли ва тинч оиласи билан маҳалласи, шаҳар туманида ибрат ва намуна кўрсата олган 13 нафар шаҳар ва туман босқичлари ғолиблари иштирок этишди.

Тадбирда кўрик-танловнинг шаҳар ва туман босқичида ғолибликни қўлга киритган энг фаол, билимли ва зукко, партиямизга хайрихоҳ аёллар "Адолат” социал-демократик партиясининг фаолияти борасидаги билимларини яна бир бор синовдан ўтказишди.            

Иштирокчиларнинг ҳар бир шарт бўйича чиқишларини партия фаоллари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳамда жамоат ташкилотлари ходимларидан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати муносиб баҳолаб борди.      

Вилоятнинг 13 та туманларидан ташриф буюрган иштирокчилар пухта тайёргарлик билан келганликлари яққол намоён бўлди. Тадбир давомида адолатли қайноналар томонидан оилаларнинг ажралишларига сабаб бўлаётган ҳолатларни саҳна кўриниши орқали намойиш этдилар.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда фарзанд тарбияси, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, партия фаолиятига доир билими ва дунёқарашига, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ миллий анъаналарни, ёшларнинг маънавияти, маданияти ва маърифатини янада юксалтириш орқали оилаларда баркамол авлодни улғайтиришдаги ибратли тажрибасига ҳам эътибор қаратишди.

Наргиза Нормирова, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати:

-Ажралишлар бугунги кунда жамиятимизнинг энг оғриқли дардларидан бири. Маълумотларга кўра, вилоятимизда ўтган йилнинг дастлабки олти ойига нисбатан жорий йил ажралишлар сони 10 фоизга кўпайганлиги кузатилган. Уларнинг тўрттадан иккитасида камида бир нафар ёки ундан ортиқ фарзандлари бор. Энди тасаввур қилинг, бу болалар катта бўлганда оиланинг муқаддаслигига қандай ишонади? Ўзи тўлиқ оилада камол топмаганидан кейин ўксинади, оиланинг инсон ҳаётидаги ўрнини, аҳамиятини билмайди. Уни қадрлаш кераклигини, масъулиятини ҳис қилмайди. Афсуски, улар бизга бегона одамлар эмас. Кинингдир қизи, кимнингдир ўғли, яқини, қариндоши, хуллас, ажралишлар муаммоси ҳеч кимга бегона эмас. Яна бир афсус, бу жараёнда айнан қайнона-келин муносабатлари асосий ўрин тутади. Танловимиз орқали кимгадир ибрат бўлсин деган умидда ҳаётий мисолларни, жанжалли ҳолатлар саҳналаштирилиб, иштирокчилар томонидан ижро этилди. Уларнинг ечимини кўрсатиб беришди. Бу орқали айнан қайноналар орқали оилаларга кириб бориш, таъсир кўрсатиш мақсад қилинган. Жамиятимизда адолатли қайноналар қанчалик кўпайса, оилаларда тинчлик, аҳиллик янада мустаҳкамланади.

Беллашув якунида кўрик-танлов иштирокчиларидан Термиз туманилик адолатли қайнона Ойсифат Бозорова  юқори балл тўплаб танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Танловнинг бошқа ғолибларига партия вилоят  Кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+