Светофор – хавфсизлик гарови

12.04.2022 10:04:25

Наманган шаҳридаги 4-умум таълим мактаби Кўзагарлик кўчасида жойлашган. У “Чорсу” даҳасидан бошланиб, аҳоли зич яшайдиган маҳаллаларга олиб боради. Шунинг учун эрталабдан кечгача машиналар қатнови тинмайди. Бу эса ўқувчиларга йўлни кесиб ўтишда қийинчиликлар туғдирарди.

Яқинда мактаб рўпарасига кўчма светофор ўрнатилди. У ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Светофор тўрт ғилдиракли аравача устига ўрнатилган. Мактабда ўқиш тугагандан кейин олиб қўйилади. У қуёш батареяси қуввати билан ишлайди.

“Бу янгилик муаллимларга ҳам, ота-оналарга ҳам маъқул тушди”,  - дейди фахрий педагог Акмал Отахонов. – Мактаб жамоаси анчадан бери шу ерга светофор ўрнатиш таклифини олға суриб келарди. Бу масалада “Адолат” СДП вилоят Кенгашига ҳам мурожаат қилинган эди. Партия фаоллари, депутатлар бу масала ижобий ҳал этилишига катта ҳисса қўшдилар.

Кўчма3

 “Адолат” СДП вилоят Кенгаши вакиллари аввалроқ ҳудуддаги йўл-транспорт ҳодисаларининг сабабларини ўрганган эдилар. Маълум бўлишича, ўтган йили вилоятда 1082 та ЙТҲ содир бўлган. Уларнинг ярмидан кўпи пиёдалар, шу жумладан, мактаб ўқувчилари иштирокида рўй берган. Мана энди бундай ҳолатлар йўлига тўсиқлар қўйилмоқда.

Ҳозиргача Наманган шаҳридаги транспорт қатнови тиғиз кўчаларда жойлашган бешта мактаб атрофига кўчма светофорлар ўрнатилди. Йил охиригача эса яна 18 та таълим муассасаси олдида шундай қурилмалар пайдо бўлади.

                                                                                    Нурбек Абдуллаев

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+