Табиат ҳақида ғамхўрлик амалда

23.08.2022 10:08:34

Бугунги кунда атроф муҳит мусаффолиги учун кураш дунё ҳамжамияти учун ўта муҳим аҳамият касб этаётгани ҳеч кимни сир эмас. Она-табиатни асраш, унинг бойликларидан оқилона фойдаланиш муҳим вазифа ҳисобланади. Ер юзида рўй бераётган иқлим ўзгаришларининг ўзиёқ вазият нақадар жиддий тус олаётганидан далолат беради. Ҳудудларда тозаликни сақлаш, ҳаво ва сувнинг мусаффолигини таъминлашга ҳар бир киши муносиб ҳисса қўшсагина барқарорликка эришиш мумкин.

– Биз бу соҳада изчил иш олиб боришни мақсад қилиб олганмиз, - дейди «Адолат» СДП Учқўрғон туман кенгаши раиси Нигора Болтабоева. – Депутатларимиз ва фаолларимиз учрашув ва мулоқотларда, маҳалла ўрганишларида, тарғибот-ташвиқот тадбирларида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар. Шу бўйича халқ депутатлари туман кенгаши сессияси кун тартибига киритиш ғояси ҳам сайловчилар билан учрашувларда билдирилган фикрлар асосида юзага келди. Уни депутатларимиз қўллаб-қувватладилар. Партия вилоят кенгаши ҳам ташаббусни маъқуллади.

Тез орада амалий ишга киришилди. Депутатлар ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Бунда туманнинг бутун ҳудудини, марказдан тортиб энг олис маҳаллаларгача қамраб олиш мўлжалланди. Чунки бусиз ҳолат ҳақида яхлит тушунча ҳосил қилиш қийин эди Жойлардаги вазиятни ўрганиш учун саволнома тузилди ва ишчи гуруҳ аъзоларига тарқатилди. Маълум вақт ўтгандан кейин ахборотлар кела бошлади. Туман партия кенгаши аъзолари депутатлар билан ҳамкорликда маълумотларни умумлаштирдилар. Сўнгра тайёрланган материал муҳокама қилинди. Бунда она-табиатни асраш борасида йўл қўйилган камчиликларнинг сабабларини таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш учун таклифлар тайёрлаш диққат марказида бўлди.

Масалан, кейинги пайтда туман марказидаги маҳаллаларда тез-тез ахлат ва чиқиндилар уюмлари пайдо бўлиб қоладиган ҳолатлар аниқланди. Бу, биринчидан фуқароларнинг мавжуд тартиб-қоидаларни писанд қилмаслиги оқибати эди. Қолаверса, «Тоза ҳудуд» корхонаси ўз фаолиятини пухта ташкил эта олмаганлиги панд бермоқда. Мазкур ташкилот раҳбарларининг МФЙ раислари билан ҳамкорлиги эса талаб даражасида эмасди. Масалани тайёрлаш жараёнида шу каби кўплаб муаммолар аниқланди ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрланди.

Шундан кейин «Тоза табиат – соф келажак учун» лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларнинг натижаси халқ депутатлари туман кенгашининг тегишли доимий комиссияси йиғилишида ҳам кўриб чиқилди. Унга кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди. Бу жараёнда ахборот қатор янги ва муҳим жиҳатлар билан бойитилди.

Ниҳоят, масала халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида муҳокама қилинди. «Тоза табиат - соф келажак учун» лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида «Адолат» СДП гуруҳи аъзоси Феруза Абдуллаева ахборот берди. Ҳолат бўйича чуқур таҳлил, конкрет таклифлар ва танқидий мулоҳазалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Бир қатор депутатлар ва сессия қатнашчилари музокарада фаол қатнашиб, партиядошларимиз олға сурган фикрларни қўллаб-қувватлашди. Вужудга келган ҳолатни ўнглашга қаратилган кўплаб таклиф ва мулоҳазалар изҳор этилди. Уларнинг аксарияти сессия қабул қилган қарорда ўз аксини топди.

Айни кунларда депутатлар белгилаган вазифаларни бажариш юзасидан туманда қизғин иш кетмоқда. Демак, Учқўрғонда атроф муҳит янада мусаффо, ҳудудлар саранжом-саришта, ҳаво ва сувлар тоза бўлади, Ободонлаштириш миқёслари ҳам кенгаяди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+